Жаҳон | 22:42 / 10.05.2019
7592
2 дақиқада ўқилади

Сайёҳ Фёдор Конюхов эшкакли қайиқда Тинч океанининг жанубий қисмини кесиб ўтди

Фото: Федора Конюхова

Россиялик машҳур сайёҳ Фёдор Конюхов “Акрос” эшкакли қайиғида дунё бўйлаб саёҳатининг биринчи ва энг узун босқичини якунлади. У Тинч океанининг жанубий қисмини Янги Зеландиядан Чилигача 154 кун 13 соат 37 дақиқада кесиб ўтди.

Шу муносабат билан Россия президенти Владимир Путин сайёҳни табриклади. Жумладан, Путин Конюхов Антарктика шамоллари совуғи, 12 баллик довулларни енгиб, Янги Зеландиядан Жанубий Америкагача 10 минг кмдан кўпроқ масофани ўта олганини таъкидлаб ўтди. 

“Сизнинг океан муҳити билан курашдаги мардлигингиз ва бардошингиз бутун дунёда миллионлаб одамларни ҳайратлантиради”, деб айтган Путин ўз мурожаатида.

Сайёҳнинг дунё бўйлаб саёҳати уч босқичдан иборат бўлиб, 2019 йил декабрга Горн бурнидан Австралиягача давом этувчи 2-босқичи, 2020 йил декабрга Австралиядан яна Янги Зеландияга ўтишдан иборат 3-босқичи белгиланган.

Ҳар бир босқичнинг ўртача давомийлиги 120 кунни, босиб ўтиладиган умумий масофа эса 27 минг кмни ташкил қилади. Сайёҳ ўз саёҳатини 2021 йилда якунламоқчи.

Сайёҳнинг рафиқаси Ирина Конюхованинг маълум қилишича, турмуш ўртоғининг саёҳат давомида соғлиғи ёмонлашган. Унинг тикланишига маълум вақт кетиши мумкин. Шу сабабли сайёҳ саёҳатининг 2-босқичини қачон бошлашини Москвага бир неча кундан кейин қайтгач маълум қилади.

Фото: konyukhov.ru

Мавзуга оид