Ўзбекистон | 11:44 / 11.05.2019
23787
2 дақиқада ўқилади

ДСҚ тадбиркорларга 1 кунлик савдо тушумидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ҳисобланган солиқларини тўлаш ҳақида талабнома жўната бошлади

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Давлат Солиқ Қўмитасининг (ДСҚ) Хоразм вилояти бошқармаси томонидан корхона ва ташкилотларга 1 кунлик савдо тушумидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ҳисобланган солиқ тўловларини тўлаш ҳақидаги талабнома жўнатила бошланди. Бу ҳақда Kun.Uz мухбири хабар бермоқда.

Солиқ кодексининг 70-моддасига ва «Товарларни (ишлар ва хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш  тартиби тўғрисидаги Низом»га мувофиқ, шу йилнинг январь-февраль ойларида барча корхона ва ташкилотларнинг савдо шохобчаларида хронометраж камерал назорат ўтказилган эди. Унда солиқ инспекцияси ходимлари 1 кунлик савдо тушуми миқдорини аниқлаб олишган эди.

Низомнинг 6-бобидаги «Хронометраж кўздан кечириш натижалари бўйича солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби»га мувофиқ, юридик шахсларга аниқланган тафовутларни бартараф қилиш ва қўшимча ҳисобланган солиқларни тўлаш талаби қўйилган. 

Мисол учун, хронометраж ўтказилган куни шохобчадаги савдо тушуми шартли 3 миллион сўмни ташкил қилса, 2019 йил 1-чорагида 72 иш куни борлигини инобатга олиниб, 3 000 000 х 72 = 216 000 000 сўм, яъни талабномада 1-чоракдаги савдо айланмаси камида 216 миллион сўм бўлиши керак деб белгиланган ва барча солиқлар мана шу рақамдан келиб чиққан ҳолда қўшимча ҳисобланган. 

ДСҚ хатда юридик шахслардан аниқланган тафовутлардаги солиқ тўловлари бўйича аниқлаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиб, қўшимча ҳисобланган солиқ тўловларини тўлаш ёки ушбу масалада муносабат билдириш талабини қўйган. 

Агар талаблар бажарилмаса, Солиқ кодексининг 70-моддасига асосан, қўшимча ҳисобланган солиқ тўловларини мажбурий ундириш учун судга даъво аризаси юборилиши, 96-моддасига асосан, хизмат кўрсатувчи банклардаги ҳисоб-варақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш чоралари кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид