Жамият | 18:04 / 15.05.2019
11118
3 дақиқада ўқилади

«Бизнес-экспресс»: 19 ёшида корхона очган қиз ва меҳмонхона бизнеси ҳақида 

Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш республика бошқарув аппарати қошидаги «Бизнес клуб»  тингловчилари ва тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар «Бизнес-экспресс»  лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида оилавий тадбиркорлар билан учрашишди. 

Бизнес тур Давлат солиқ қўмитаси, Марказий Банкнинг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Лойиҳани ташкил этишдан мақсад Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни янада оммалаштириш ва ёшларда бу борада тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришдир.

Бизнес-тренинг бир неча манзилларда ўтказилди. Аввалига қатнашувчилар Олмазор туманидаги «Гулнора»  оилавий меҳмонхонасига ташриф буюришди. Оилавий тадбиркор Гулнора Каримова соҳадаги тажрибаси билан ўртоқлашди.

«20 йилдан бери меҳмонхона бизнеси бўйича оилам бирга шуғулланиб келамиз. Бошида меҳмонларни қандай жалб қилиш бўйича қийналганмиз. Бозор катта, рақобатдошларимиз етарлича. Нима қилиш керак? Аввало, бизнесингизда ўзига хосликка эга бўлинг. Ўз олдингизга савол қўйинг: меҳмон нима учун айнан менинг меҳмонхонамга келиши керак? Саранжомлик, хушмуомала бўлиш энг муҳим жиҳатлардир. Бу мавсумий бизнес. Доимий даромад олиш имконияти чекланган. Шунга ҳам катта эътибор беринг» , - дея маслаҳат берди Каримова.

Тадбиркорнинг айтишича, оилавий меҳмонхонанинг бир чораклик тушуми ўртача 200 млн.сўмни ташкил қилади. Соф даромад эса 50 млн.сўм. 5 та ишчисига эга корхона бир вақтда 32 кишига хизмат кўрсата олади. Меҳмонлар сони мавсумга қараб ўзгаради ва бу вақтда 20 га яқин сайёҳ кутиб олинади.

Тур иштирокчиларининг кейинги манзили Тошкентнинг Авайхон маҳалласи нон ва қандолатчилик маҳсулотини ишлаб чиқарувчи Zuzzi корхонаси бўлди. Унинг раҳбари 19 ёшли Зилола Усмонова ўз фаолияти ҳақида маълумот берди.

«Ўтган йилнинг декабрь ойида Марказий Банк томонидан 3 йил муддатга кредит олдим. Февраль-март ойларида бизга берилган объектни таъмирлаб жиҳозлашга улгурдик. Ҳозирда 2 нафар ишчимиз бор. Кунига 400 минг сўм даромад қилмоқдамиз. 24 хилдаги маҳсулот чиқариб савдога қўямиз. Асосий истеъмолчиларимиз маҳалла аҳли ва мактаб ўқувчиларидир» .

Учрашувда ҳамкор ташкилот вакиллари ҳам қатнашди. Иштирокчилар кредит, ер олиш, бизнесни қай тартибда бошлаш, қайси ташкилотларга мурожаат қилиш, солиқ тўлаш тизими ва бошқа муҳим мавзулар бўйича саволларига жавоб олишди.

Мавзуга оид