Жамият | 09:49 / 24.04.2018
6057
2 дақиқада ўқилади

Яккабоғ туман раҳбарлари ёш тадбиркорнинг масаласини ижобий ҳал этишди, муаммо бартараф этилди

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 13 апрель куни KUN.UZ сайтида “Яккабоғ тумани раҳбарлари ёш тадбиркорга нега “кўча”часига шарт қўймоқда?” сарлавҳаси остида таҳлилий мақола эълон қилинган эди. Унда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида фаолият юритаётган ёш тадбиркор Санжар Сафаров ва туман раҳбарлари ўртасида ер масаласи бўйича турли мунозаралар бўлгани ҳақида ёзилган эди.

Куни кеча Санжар биз билан боғланди. Унинг овозида хушкайфият аломатлари сезилиб турар эди. 

- Бу мақола чиққач, орадан тўрт-беш кун ўтиб, мени ҳокимиятга чақиришди. Раҳбарлар билан ўзаро келишиб, улар менга 22 гектар ер майдонини берадиган бўлишди ва бу ҳақдаги қарорни қўлимга тутқазишди. Шахсан туман ҳокимининг ўринбосари Мансур Тўймаев мазкур ишда тушунмовчилик бўлганини, тумандаги тадбиркорлар ҳокимият томонидан доим қўллаб-қувватланишини айтди. Бугун жуда хурсандман ва айни дамда ерни ҳайдаш ишларини бошлаб юбордим.

Бу, албатта, қувонарли ҳол. Чунки мазкур ерга ишлов бериш, уни кўкартириш ва бунинг ортидан ҳосил олиш ишлари ортида кимдир меҳнат ўрни билан таъминланади. Бунинг ортидан қанчадан қанча рўзғорнинг қора қозони қайнайди. Бугун президент Шавкат Мирзиёевнинг истаги ҳам худди мана шундай. Зеро, тадбиркор бугун қанчалик куч-қувватга эга бўлса, ўша ер, ўша макон шунчалик обод бўлади, шунчалик тараққиётга юз тутади.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид