Германия ҳукумати Ўзбекистонга атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга доир лойиҳаларни биргаликда кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Президент Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда. Kun.uz мухбири Германия федерал атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш ва ядровий хавфсизлик вазирлигининг Марказий Осиё ва Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш бўлими директори, доктор Юрген Кайнхорстнинг Берлиндаги учрашув доирасида айтган сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

"Атроф-муҳит ва иқлим муҳофазаси мавзусида халқаро алоқаларни тўғри йўлга қўйиш жуда муҳим аҳамиятга эга, албатта. Сўнгги 10 йилда иқлим шароитлари ва атроф-муҳит муҳофазаси мавзусига катта эътибор қаратилмоқда. Бундай юқори эътиборга барчамиз гувоҳи бўлаётган иқлимнинг сезиларли даражада ўзгариши сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, электр энергия манбаларидан фойдаланиш ва уларнинг оқибатлари масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди", - деди у Берлинда ОАВ, ННТ ва давлат идоралари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси билан кечган учрашувда.

Юрген Кайнхорстнинг сўзларига кўра, бугунга келиб Марказий Осиё аҳолиси ҳам иқлим ўзгариши оқибатларини сезмоқда. Бу энг аввало мисли кўрилмаган ҳарорат ўзгариши мисолида намоён бўлмоқда. Ҳароратнинг бундай юқорилаши қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда фожиавий оқибатларга олиб келиши мумкин.

"Сизнинг минтақангиз ўз тоғлари билан машҳур ва сиз, эҳтимол, тоғ чўққиларидаги музликлар ҳажмининг сезиларли даражада қисқариши ва эришини кузатаётган бўлсангиз керак. Иқлимнинг бундай ўзгаришларининг олдини олиш ва бу борада қайғуриш биз ва бошқа мамлакатларнинг бурчига киради. Германия томон бунинг учун масъулиятни ҳис қилиб, бу йўлда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини маълум қилади. Мазкур масалалар ечимини топишга оид таклифлар киритиш идорамизнинг вазифасига киради. Биз имкон қадар ушбу дастурларни амалга оширишга ёрдам берамиз ва шу боис икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратамиз", - деди Кайнхорст.

Германия федерал атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш ва ядровий хавфсизлик вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, президент Штайнмайер яқин орада Ўзбекистонга ташриф буюради ва икки томонлама учрашувлар доирасида атроф-муҳит муҳофазасига оид масалалар муҳокама қилинади.

Германия федерал атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш ва ядровий хавфсизлик вазирлиги Ўзбекистон раҳбарияти билан доим яхши муносабатларда бўлган ва томонлар турли қўшма лойиҳаларни амалга оширишган.