Ўзбeкистон дeлeгацияси “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг вазирлар учрашувида иштирок этди
18 май куни Душанбе шаҳрида “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Япониянинг ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирок этдилар.
“Йиғилишда мулоқот иштирокчи давлатларининг савдо-сотиқ, инвестиция, ривожланиш ва туризм соҳаларидаги амалий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Алоҳида сессия минтақавий хавфсизлик ва ушбу соҳадаги ҳамкорлик масалаларига бағишланди”, дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз нутқида 15 йил мобайнида мазкур мулоқот Япония ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида иқтисод, транспорт, энергетика, туризм, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим майдонига айланганини таъкидлади.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари сўнгги икки йил мобайнида минтақада янги сиёсий ишонч ва яхши қўшничилик муҳити яратилганини эътироф этди.
“Ўтмишда халқларимизнинг фаровонлигини янада ривожлантириш ва ошириш мақсадида ўзаро яқинлашиш ва умумий манфаатларга эришиш йўлида тўсиқлар яратган кўплаб масалаларни ҳал қилишда улкан ютуқларга эришилди. Савдо, инвестиция, транспорт-коммуникация, кооперацион ишлаб чиқариш ва маданий-гуманитар алоқалар, чегара орқали ва минтақалараро ҳамкорлик, хавфсизликни таъминлаш ва замонавий хавф-хатар ва таҳдидларга биргаликда қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик фаоллашди”, - деди Абдулазиз Комилов.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига катта ҳисса қўшаётган Япония билан ҳамкорлик бундан кейин ҳам кенг ишлатилмаган салоҳиятидан самарали фойдаланиш, жаҳоннинг савдо-иқтисод ва транспорт алоқалари тизимига янада кўпроқ интеграциялашувига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Йиғилиш якунига кўра Қўшма баёнот қабул қилинди, унда “Марказий Осиё + Япония” шаклидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлар белгиланди.
Мавзуга оид
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
19:55 / 11.11.2024
Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
17:59 / 11.11.2024
Япониянинг асосий метеорологик сунъий йўлдоши ишдан чиқди
23:27 / 10.11.2024