Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Компенсация талаби, ҳаво ифлослиги ва эриётган музликлар. МО етакчилари эко-саммитда нималарни гапирди?
Ўзбекистон президенти ҳаво сифати ёмонлашишига қарши қўшниларни биргаликда курашишга чақирди. Қирғизистон раҳбари сув инфратузилмасини сақлаш харажатлари учун қўшнилар компенсация тўлаши кераклигини айтди. Қозоғистон етакчиси Орол фожиасидан сабоқ чиқариш заруратини урғулади. Тожикистон пешвоси музликлар эриётганидан хавотир билдирди.
Фото: Президент матбуот хизмати
22-24 апрел кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Минтақавий экологик саммит бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё етакчилари сув танқислиги ва экологик масалаларга доир ташаббусларни илгари сурди.
«Марказий Осиёда ҳарорат икки баробар тезроқ кўтариляпти»

Ўзбекистон президенти ўз нутқида бугунги кунда экологик муаммоларни глобал иқлим ўзгаришларидан айри ҳолда кўриб чиқиб бўлмаслигини қайд этди.
«Глобал исиш суръатларининг тезлашиши давом этмоқда, Марказий Осиё минтақасида эса ҳарорат икки баробар тезроқ кўтарилмоқда. Минтақа музликларининг қарийб учдан бир қисми йўқолди, ёғингарчилик тартибининг беқарорлиги кузатилмоқда, сув ресурслари танқислиги ортиб бормоқда. Ер майдонларининг 80 миллион гектари аллақачон деградацияга учради», – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари экологик муаммоларни юмшатиш учун Ўзбекистон қилаётган ишларни санади.
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилди. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилиб, янги «яшил белбоғ»лар яратилмоқда. Бизнинг ташаббусимиз билан БМТ Бош Ассамблеясининг «Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги» резолюцияси қабул қилинди», – деди Ўзбекистон етакчиси.
Бундан ташқари, сувни тежаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида йилига 10 миллиард куб метр сув иқтисод қилинмоқда. Мамлакатимизнинг генерация қувватларида «яшил» энергетика улуши аллақачон 30 фоизга етди, 2030 йилнинг охирига бориб эса 50 фоиздан ошади.
Шавкат Мирзиёев минтақадаги иқлим ва экология муаммоларини ҳал қилиш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди:
- атмосфера ҳавосининг сифати ёмонлашаётган шароитда «Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси» давлатлараро консорциумини таъсис этиш;
- чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш;
- технологик ўтиш жараёнларини тезлаштириш учун имтиёзли божхона тартиблари ва экомаҳсулотлар учун сертификатларни ўзаро тан олишни назарда тутувчи «Марказий Осиё яшил савдо йўлаги»ни шакллантириш;
- Марказий Осиё иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш;
- Биологик хилмахилликни сақлаш учун «Марказий Осиё Қизил китоби»ни ишлаб чиқиш;
- Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласи яратиш.
«Иссиқкўл сатҳи қарийб 14 метрга пасайди»

Қирғизистон президенти Садир Жапаров иқлим ўзгариши минтақа ва дунёда сув ресурслари ҳамда энергетика соҳасидаги мавжуд муаммоларни янада кескинлаштирганига урғу берди.
«Қирғизистон ҳиссасига глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг атиги 0,03 фоизи тўғри келади. Шунга қарамай, бизнинг мамлакат номутаносиб равишда иқлим ўзгариши оқибатларининг катта юкини кўтариб келяпти», – деди Садир Жапаров.
Қирғизистон раҳбари буни қуйидаги рақамлар билан изоҳлади:
- 2020 йилдан бери сел ва тошқинлар каби фавқулодда вазиятлар сони уч баробарга ошган, тўғридан тўғри моддий зарар йилига тахминан 16 млн долларни ташкил этяпти;
- Қирғизистондаги музликлар майдони 16 фоизга қисқарди;
- прогнозларга кўра, 2100 йилга бориб мамлакатдаги музликларнинг 80 фоизигача қисми йўқолиши мумкин;
- сўнгги ўн йилликларда Иссиқкўл сатҳи қарийб 14 метрга пасайди, кўлга қуйиладиган дарёлар сони юзтадан ўттизтагача камайди;
- 1968 йилдан бери баланд тоғлардаги музли кўллар сони 30 фоизга ошган.
Жапаров мамлакати сув инфратузилмасини сақлаш учун катта пул сарфлаётгани, бироқ қўшни давлатлар бунинг учун қазилма ёқилғи кўринишида компенсация таклиф қилмаётганини айтди.
«Қирғизистон ҳудудида шаклланадиган йиллик умумий сув ресурслари ҳажми тахминан 50 млрд куб метрга баҳоланади. Шундан мамлакатимиз ўз эҳтиёжлари учун атиги 12 млрд куб метр сувдан фойдаланади, қолган 38 млрд куб метр эса қўшни давлатларга оқиб кетади. Биз Қирғизистонда шаклланадиган сув ресурслари Марказий Осиё давлатларининг қишлоқ хўжалиги, энергетика, озиқ-овқат ва ижтимоий-иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда катта аҳамиятга эга эканини тушунамиз. Шу боис ўнлаб йиллар давомида аввалги сув тақсимоти лимитларини сақлаб келяпмиз, сувни тўплаш ва чиқариб бериш хизматларини амалга оширяпмиз, гидротехник иншоотларни сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаяпмиз, фавқулодда вазиятлардан ҳимоя чораларини кўряпмиз. Ўтган йил давомида сув хўжалиги соҳасига қарийб 80 млн доллар ажратдик. Сўнгги беш йил ичида бу йўналишга давлат бюджетидан 259 млн доллар йўналтирилди, бу мамлакат йиллик бюджетининг 2 фоизини ташкил этади. Бироқ бу маблағлар эскирган инфратузилмани модернизация қилиш ва самарали, замонавий тизим яратиш учун етарли эмас», – деди Қирғизистон президенти.
Жапаров минтақада сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли иқтисодий тизим жорий этишни таклиф қилди.
«Бизнинг томонимиздан амалга оширилаётган барча ишлар моҳиятан экотизим хизматларини кўрсатишга қаратилган бўлиб, улар барча сув истеъмолчилари томонидан қўллаб-қувватланиши ва биргаликда молиялаштирилиши зарур. Минтақа давлатларининг ягона келишувга эришиши осон эмаслиги аён, аммо манфаатлар мувозанатини топиш, шунингдек, минтақадаги сув ва энергетика ресурсларини тақсимлаш механизмларига самарали иқтисодий воситаларни босқичма-босқич жорий этиш орқали, комплекс ёндашув асосида ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқишимиз лозим», – деди у.
«Орол денгизи ҳанузгача нотўғри сиёсат оқибатларини эслатиб туради»

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев танлаб ёндашиш экология масаласида ҳам мутлақо номақбул ёндашув эканини урғулади.
«Кўплаб ҳолларда экологик кун тартиби турли минтақа ва давлатларнинг ривожланиш эҳтиёжлари етарли даражада ҳисобга олинмасдан шакллантирилади. Айниқса, бу ҳали ҳам ўз иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш билан банд бўлган ривожланаётган мамлакатларга тегишли. Ҳолбуки, ривожланган давлатлар бугунги экологик стандартларига узоқ давом этган индустриализация жараёни натижасида эришган. Шу сабабли глобал миқёсда янада экологик тоза моделларга ўтиш адолатли, мувозанатли ва рағбатлантирувчи бўлиши зарур», – деди у.
Қозоғистон президенти Марказий Осиё ва қўшни минтақалар қуйидаги умумий экологик муаммоларга дуч келаётганини айтди:
- сув танқислиги ва сув ресурсларини самарасиз бошқариш;
- чўлланиш;
- музликларнинг эриши;
- ҳавонинг ифлосланиши;
- биологик хилмахилликнинг заифлашуви.
«Ҳозирда мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг умумий ҳажмида қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 7 фоиздан ошди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 15 фоиздан юқори бўлиши кутиляпти. Нефт ва газнинг йирик ишлаб чиқарувчиси бўлиб қолаётганимизга қарамай, барқарор энергетика мақсадларига содиқмиз. Дунёдаги етакчи уран экспортчиларидан бири сифатида Қозоғистон углеродсиз электр энергетикасини ривожлантиришни ҳам қўллаб-қувватлайди. Айни пайтда илк атом электр станциямиз қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз ва шу билан бирга, кўмир электр станцияларини “тоза кўмир” технологиялари асосида модернизация қиляпмиз. Шу жиҳатдан йирик энергетика объектларидан чиқиндилар қарийб 35 фоизга камайиши кутиляпти», – деди Тўқаев.
Қозоғистон раҳбари охирги йилларда Орол денгизида эришилган ютуқлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
«Орол денгизи ҳанузгача нотўғри сиёсат оқибатларини эслатиб туради. Шу билан бирга, қатъий ва илмий асосланган чоралар орқали нималарга эришиш мумкинлигини ҳам намойиш этади. Бугунги кунда биз Шимолий Оролнинг қарийб 36 фоизини тиклашга эришдик – сув сифати яхшиланди, балиқ захиралари кўпайди ва аҳоли турмуш даражаси ошди», – деди у.
«14 мингта музликдан 1300 дан ортиғи аллақачон тўлиқ эриб кетди»

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам минтақа ва Тожикистондаги экологик вазият ҳақида гапирди.
«Иқлим ва сув масалалари биргаликдаги ечимларни талаб қилади. Минтақада музликларнинг тез суръатларда эриши, экотизимлар деградацияси ва табиий офатлар сони ортиб боряпти. Иқлим ўзгариши ва сув истеъмолининг ошиши ресурсларга тушаётган босимни янада кучайтиряпти. Шу жиҳатдан давлатлараро энергетика комиссиясини ташкил этиш ҳамда сув ва энергияни тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш керак», – деди у.
Тожикистон раҳбарининг маълум қилишича, мамлакатдаги 14 минг музликдан 1300 дан ортиғи аллақачон эриб кетган. Бу жараён тезлашиб боряпти, натижада сув баланси бузилмоқда ва бутун минтақада табиий офатлар хавфи ортяпти.
«Маълумки, мамлакатимиз ҳудудида Марказий Осиё сув ресурсларининг 60 фоизигача бўлган қисми шаклланади. Бу Тожикистон тоғ экотизимларининг минтақа сув таъминоти ва барқарор ривожланишидаги муҳим ролини кўрсатади. Шу нуқтайи назардан, музликларнинг тез эриши ва қор захираларининг камайиши жиддий хавотир уйғотяпти», – деди Раҳмон.
«Сувдан оқилона ва адолатли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши лозим»

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов рансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш масаласига алоҳида урғу берди. У сув масалалари қуйидаги учта асосий тамойил асосида ҳал этилиши лозимлигини таъкидлади:
- сув масалалари бўйича асосий конвенциялар ва бошқа халқаро ҳужжатларга қатъий риоя этиш;
- трансчегаравий дарёлар бўйида жойлашган барча давлатларнинг манфаатларини тенг ҳисобга олиш;
- халқаро ташкилотларнинг, энг аввало, БМТнинг кенг иштирокини таъминлаш.
«Туркманистон БМТ ҳомийлигида Марказий Осиё мамлакатлари учун Сувдан фойдаланиш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Ушбу тузилма сув соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи самарали платформага айланади», деди Бердимуҳамедов.
Мавзуга оид
13:52 / 23.04.2026
Охирги ўн йилликларда Марказий Осиё музликлар ҳажмининг 30 фоизигача қисмини йўқотди ва бу жараён тезлашяпти – Азиз Абдуҳакимов
11:44 / 23.04.2026
Жаҳон банки Марказий Осиё энергия тизимларини интеграция қилишга 1 млрд доллар ажратади
14:21 / 22.04.2026
Президент Марказий Осиёда иқлим муаммоларини ҳал қилиш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди
10:19 / 22.04.2026