Жамият | 00:12 / 18.05.2019
45787
2 дақиқада ўқилади

Хайрия маблағларини ўғирлашда асосий гумондор қўлга олинди. Бемор қизалоқ Ҳиндистонга жўнаб кетди

Kun.uz таҳририяти кўмагида хайрия ўтказиб, халқдан ёрдам олаётган Зироат Жайлабаеванинг пуллари  апрель ойида виждонсизларча ўғирланганлиги ҳақида хабар берилганди. Маълум вақт ўтиб, ушбу аёлнинг хайрия пулларини ўғирлаган дея гумон қилинган шахслар Зангиота туман ички ишлар бўлими Жиноят-қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди ва тергов ҳаракатлари бошланди. 

ИИБ, банк ва алоқа операторлари ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан пуллар ўз эгасига қайтди. Бемор Юлдузхоннинг ҳолати бу орада ёмонлашиб қолганди. Кутилаётган операция учун пуллар топилгач, бемор ва унинг онаси Ҳиндистонга муолажа учун учиб кетди.

YouTube

Tas-IX

«Юлдузхон учун йиғилган маблағимиз топилди. Мана ҳозир операция қилиш учун олиб кетяпмиз. Аэропортдамиз. Бизга эҳсон қилган инсонларга раҳмат. Зангиота тумани ички ишлар бўлимига раҳмат. Маблағимизни 15 кунда ўзимизга қайтариб беришди. Энди мана Ҳиндистонга учиб кетмоқдамиз. Барча сахий инсонларга ташаккуримни айтмоқчиман. Хайрия пулларимни ўмарган ўша инсофсиз йигитга айтардимки, касалларнинг пулини олиш яхши иш эмас. Тўғри йўлга киришини истардим.

Ҳозир Ҳиндистонга борсак, бизни кутиб олишади. Олдинда текширувлар бор экан. Кейинги ҳафтанинг бошларига операция кутиляпти. Ёруғ юз билан ўтиб олишимиз ва қайтиб келишимиз учун дуода бўлишингизни сўраб қоламан. Ҳаммага катта раҳмат. Ички ишлар ходимлари Суҳроб ва Ойбекларга, Beeline компаниясига, барча эҳсон қилган инсонларга яна бир бор раҳмат» , дейди беморнинг онаси сафар олдидан.

Савоб илинжида эҳсон қилган юртдошлар! Сизнинг кўмагингиз сабаб бир оила катта орзулар билан, соғайиш учун учиб кетди. Муқаддас Рамазон ойида бемор ва Зироатхоннинг сафари хайрли бўлишини тилаб қоламиз. 

Хайрия маблағларини ўзлаштиришда гумонланиб ушланган шахс ва тергов якунлари ҳақида махсус репортаж тақдим этилади.

Мавзуга оид