Яккасарой туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 2та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди
Яккасарой тумани Яккасарой маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ёлғиз оналар учун 24та хонадондан иборат 2та 4 қаватли уй қуриб, фойдаланишга топширилди. Қувонарлиси, бу уйлар Grand Capital Group хусусий қурилиш фирмаси ҳомийлик маблағлари ҳисобидан беғараз қуриб берилган.
Сир эмас, Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлигига сайланганидан бошлаб, мамлакат аҳолисининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларни тураржой билан таъминлаш, улар учун қулай ва замонавий яшаш шароитларини барпо этиш масалаларига жиддий эътибор бера бошлади.
Бу жойлардаги ҳокимликларнинг амалий фаолиятида ҳам кўзга яққол ташлана бошлади. Ҳокимликларнинг янги уй-жойлар қуриш билан шуғулланувчи фирма ва компаниялар билан келишган ҳолда иш юритиши натижасида кўплаб бошпанаси ёки ўз уйи бўлмаган оилалар, фуқароларга янги қурилган кўп қаватли уйлардан хонадонлар ажратиб берилди.
Бу борада айрим фирма ва компаниялар ўз ташаббуслари билан бир неча ўнлаб хонадонли кўп қаватли уйларни қуриб, ҳокимликлар ихтиёрига топширмоқда. Натижада кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган ёлғиз оналар ва ногиронлар бошпанали бўляпти.
Хусусан, Яккасарой туман ҳокимлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, 2019 йил 14 апрель куни ана шундай кўп қаватли уйлардан иккитаси тантанали равишда фойдаланишга топширилган. Тантанали маросимда Президент маслаҳатчиси Т. Худойбергенов, Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаев, Яккасарой тумани ҳокими Б. Шомуродов, Grand Capital Group раҳбари Зиёев Ифтихор, маданият арбоблари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, бу каби хайрли ишлар бардавом бўлиши борасида тилаклар билдиришди.
Хабарда таъкидланишича, бир неча йилдан буён қурилиш соҳасида фаолият олиб борувчи Grand Capital Group фирмаси 2та турар-жой биносини қуриб, Яккасарой туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар ихтиёрига топширган. 4 қаватли уйларда жами 48та хонадон мавжуд.
Маълум қилинишича, бундай савобли ишда Тошкент шаҳар ва Яккасарой туман ҳокимлиги билан ҳамкорлик қилинган. Бугунги кунда Ш.Руставели кўчаси, 140-а ва 140-б уйларида 30дан ортиқ, шу вақтгача уйсиз бўлиб, дуч келган жойда яшаб келган оилалар истиқомат қилиб келмоқда.
Мавзуга оид
12:30 / 15.10.2024
Яккасарой туманидаги айрим кўчаларда транспорт ҳаракати қисман чекланади
16:51 / 02.10.2024
Тошкентда хонадонида гиёҳванд моддалар ва кучли таъсир қилувчи дорилар сақлаб келаётган шахс ушланди
00:03 / 15.09.2024
Яккасаройда замонавий сувтушар боғ барпо этилади ва Шота Руставели кўчасининг бир қисми гастрономик кўчага айлантирилади
07:24 / 02.09.2024