Ўзбекистон | 08:12 / 21.05.2019
6633
3 дақиқада ўқилади

Заргарларга асиллик даражасини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилди

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг 2019 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди:

заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқарувчининг рўйхатдан ўтказилган шахсий тамғасини буюмга босиш шарти билан давлат асиллик даражаси белгисини мажбурий равишда қўймасдан ўзи ишлаб чиқарган, заргарлик ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларнинг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга белгиланган намунадаги асиллик даражаси белгиси изларини қўйиш ҳуқуқи берилди.

Бунда тамғалаш ва асиллик даражаси белгисини қўйиш тартибини бузган ҳамда кўрсатилган намунага мувофиқ келмайдиган заргарлик буюмларини сотувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар заргарлик тармоғидаги ноҳалол тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилади, уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган, шу жумладан, лицензия ёки рухсат берувчи бошқа ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиш бўйича таъсир чоралари қўлланилади;

заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни мустақил равишда чакана тартибда сотиш, шунингдек, аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмларни ишлаб чиқариш мақсадларида сотиб олиш ҳуқуқига эга;

устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни сарфлаш, ҳисобини юритиш ва сақлаш тартибини мустақил равишда белгилайдилар;

жисмоний шахсларга қиймати 5 000 (беш минг) АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади;

заргарлик буюмларининг чакана савдоси айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим объекти ҳисобланмайди;

тадбиркорлик субъектлари олтин изловчилик фаолияти доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларни таъминлаш учун қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни қазиб олиши мумкин;

заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасида ихтиёрий асосда ягона ташкилотга бирлашиш орқали иштирок этган тақдирда, уларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шунингдек, уюшма аъзоларининг имтиёз ва преференциялари татбиқ этилади.

Мавзуга оид