Ўзбекистон | 11:48 / 22.05.2019
7015
3 дақиқада ўқилади

Алишер Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 72-сессиясида сўзга чиқди

Шу кунларда Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг (ЖССА) 72-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда дунёдаги 190дан ортиқ мамлакат вакиллари, жумладан, 150га яқин соғлиқни сақлаш вазирлари, шунингдек, етакчи халқаро ташкилотлар, йирик корпорациялар, нуфузли халқаро жамғармалар ва академиялар вакилларидан иборат уч мингга яқин делегатлар қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.

Ушбу сессия доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг олий органи бўлиб, унда барча аъзо давлатларнинг делегациялари иштирок этади. Унинг асосий вазифалари ЖССТ фаолиятининг муҳим йўналишларини аниқлаш, ташкилотнинг бош директорини танлаш, бюджетни тасдиқлаш ва назорат қилишдан иборат. 

«Сессия доирасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сўзга чиқиб, юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, фуқароларни сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, сўнгги уч йил давомида тиббиёт соҳасида 150дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бу ҳам бўлса соҳа ривожи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан эътиборида эканидан далолатдир. Жумладан, аҳолига бирламчи тиббий ёрдам, шошилинч ва  ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири, шунингдек, трансплантология, кардиожарроҳлик, иммунопрофилактика, хусусий тиббиёт секторини ривожлантириш, психиатрия, фтизиатрия ва эндокринологик ёрдамни такомиллаштириш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни қўллаб-қувватлаш борасида эришилган натижалар ҳақида ҳам маълумот берди. Мамлакатимиз тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган  2019—2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси йиғилиш иштирокчиларида, айниқса, катта қизиқиш уйғотди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ЖССА сессияси очилиш маросимидаги чиқишида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида эришган ютуқларни эътироф этиб, дунёнинг оз сонли мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ўз ҳудудида безгакни тўлиқ йўқ қилишга эришганини алоҳида таъкидлаган эди.

Сессия шу йилнинг  28 майигача давом этади.

Мавзуга оид