Навоий шаҳридан қарийб 50 километр узоқликда, жануби-ғарбий томонидаги чўл ҳудудида 300 гектар ер майдон эгаллаган Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази (АЙТАМ) жойлашган.

Марказ Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Дубай амирлигининг ҳокими шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ташаббуси билан 2008 йилнинг апрель ойида ташкил этилган.

АЙТАМнинг асосий фаолияти Ўзбекистонда Осиё йўрға тувалоғининг барқарор популяциясини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўпайтириш ва асраш ишлари ҳамда ҳар йили ушбу турни ёввойи табиий муҳитга қўйиб юбориш кампаниялари каби тадбирлар мажмуасидан иборат.

22 май – Халқаро биологик хилма-хиллик куни муносабати билан АЙТАМ ва Навоий вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари учун марказ бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.

«2007 йилда марказдаги асосий фаолияти бошлангунига қадар бирламчи галани яратиш учун зарур бўлган ёввойи тухумларнинг дастлабки коллекцияси жамланган эди. Ушбу коллекцияни йиғиш ишлари Ўзбекистон ҳукуматининг рухсати билан 2012 йилгача амалга оширилди. Шу билан бирга, ёввойи табиатга чиқариб юбориладиган қўшимча қушларни кўпайтира оладиган йўрға тувалоқ қушларининг наслдор галасини яратиш мақсадида марказда 2008 йилдан бошлаб қатъий генетик назорат остида йўрға тувалоқ қушини тутқунликда кўпайтириш ишлари ҳам йўлга қўйилган» – дейди марказ менежери Рустам Тўхтамуродов.

Осиё йўрға тувалоғи – ўртача ўлчамларга эга қуш бўлиб, ёзилган қанотларининг узунлиги 1,5 метрни ташкил қилади. Танасининг юқори қисмидаги патлар ола-чипор, сарғиш-кулранг, пастки қисмидаги патлар эса  оқиш тусга эга. Нар ва мода қушларнинг узун қора патлари бўйиннинг ён томонларида, оқ патлари бўйин пастки қисмининг олд томонида жойлашган.