Ўзбекистон | 11:41 / 28.11.2025
901
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва БАА стратегик шерикликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябр куни БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон–БАА стратегик шериклигини янада чуқурлаштириш, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда давлат бошқаруви ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув аввалида Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий давлат раҳбарига БАА президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, шунингдек, мамлакат вице-президенти, бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Музокараларда сўнгги йилларда шаклланиб бораётган Ўзбекистон–БАА дўстона муносабатлари ва стратегик шериклик ривожи юқори баҳоланди. Жорий йил январ ойида амалга оширилган олий даражадаги ташриф доирасидаги келишувларни изчил амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар кейинги йилларда БАА ҳукумати билан 40 дан ортиқ йўналишда 300 дан зиёд ташаббус, жумладан, “Ҳукумат акселератори”, “Бир миллион дастурчи”, “Ёш етакчилар” каби муҳим дастурлар самарали тарзда амалга оширилганини мамнуният билан qayд этди.

Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш бўйича янги беш йиллик дастурни амалга ошириш, бюрократияни камайтириш, шунингдек, сунъий интеллект соҳасида 5 миллион нафар промпт-муҳандисни ўқитишда БАА тажрибасини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда, шунингдек, “Ёш авлод” ва “Китоб челленжи” лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлат ўртасидаги инсон капитали ва маънавий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича режалар кўриб чиқилди.

Томонлар бўлажак олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш ва стратегик шерикликни янги амалий лойиҳалар билан бойитишга келишиб олди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид