Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БАА компаниялари Ўзбекистонда янги қуёш, шамол ва ГЭС лойиҳаларини амалга оширади
Президент Шавкат Мирзиёев 5 декабр куни Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув чоғида БАА компаниялари иштирокида мамлакатда янги қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари, шунингдек, энергия сақлаш ва сувни тозалаш объектларини барпо этиш режалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Masdar компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий, Etihad Water & Electricity компанияси раҳбари Юсуф ал-Али ва TAQA Water Solutions компанияси раҳбари Аҳмад ал-Шамсий ҳам иштирок этди. Суҳайл ал-Мазруий суҳбат аввалида президентга БАА президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ҳамда Абу-Даби амирлиги валиаҳди Шайх Холид Ол Наҳаённинг самимий салом ва тилакларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон – БАА ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб, барча йўналишларда янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ва авиақатновлар миқдори барқарор ошиб бораётгани, умумий лойиҳалар портфели 20 миллиард долларга етгани қайд этилди.

Томонлар транспорт-логистика, озиқ-овқат, кон-металлургия, энергетика ва бошқа устувор йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва илгари суриш масалаларини кўриб чиқди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда энергетика соҳасида биргина Masdar компанияси билан Ўзбекистон ҳудудларида қиймати 1,5 миллиард долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилган. Бугун Бухоро вилоятида навбатдаги қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизими ишга туширилди, Қашқадарё вилоятида эса 600 миллион доллардан зиёд қийматга эга шундай иншоотлар қурилишига старт берилди.
БАА компаниялари раҳбарлари шамол электр станциялари, энергия сақлаш қувватлари, гидроэлектр станциялар барпо этиш ҳамда сувни тозалаш иншоотлари қурилиши бўйича режалар юзасидан президентга ахборот берди. Ушбу лойиҳалар Ўзбекистонда “яшил” энергетика улушини ошириш, энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш ва экологик барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилиши таъкидланди.
Мавзуга оид
14:06 / 25.05.2026
БАА билан “Сифатли давлат бошқаруви” дастури йўлга қўйилади
17:39 / 22.05.2026
Шавкат Мирзиёев Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берди
14:31 / 22.05.2026
Шавкат Мирзиёев: БАА билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим
20:00 / 17.05.2026