Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов “Америка овози” нашрига интервью берди. Унда эътиқод эркинлиги, диний таълим, ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозаралар, масжидларнинг болаларга очиқлиги, “Қора рўйхат” ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
“Америка жуда катта мамлакат. Катта мамлакатнинг қадами ҳам катта бўлади. Диний эътиқод деганда мақсад битта, бу борада Ўзбекистон ва Американинг орасида фарқ йўқ. Бугун Ўзбекистонда жаҳолатга қарши маърифат билан ёндашиш катта йўлга чиқиб олди, десак бўлади.
Масжидларда ички ишлар идоралари ходимларининг туриши ташқаридан қараганда худди назорат қилиш учун бўлаётгандек туюлади. Бироқ, аслида бундай эмас. Ҳақиқатни билиш учун бунда қатнашиб кўриш керак, намозга бориб, уларни кўздан кечириш лозим: қани, улар қандай турибди, кимга нима деяпти? Бориб кўрган одам мақсад бошқа нарсада эканини билади.
Болалар тўғрисида. Мен қайси бир масжидга борадиган бўлсам, у ерда ёш болаларни кўраман. Ёш болаларга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ. Болалар киритилмасин, деган тартиб йўқ. Бундай тартиб умуман бўлмаган, бу ташқаридаги гаплар. Биз ҳам шу гапларни эшитамиз, лекин намоён бўлгани бошқача. Бизга ҳам айтишади, текширганимизда ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги кўринади. Лекин, битта гап - ёш болалар илм билан шуғулланиши керак. Илм афзалми, ибодат афзалми? Илм афзал. Бу сен келмагин, дегани эмас. Тушунган одам тушунади.
Мусулмонлар идораси нодавлат ташкилот. Идора бутун мусулмонларни бошқаради, динлар ўртасидаги аҳилликни йўлга қўяди. Андижондаги масжид масаласига келсак - бу масжидни арабистонлик бир киши қурган, унинг маблағига қурилган. Арабистондан туриб маблағ юборган, бу ердаги масъул кишиси эса қурдиради. Улар масжид деб эмас, балки мадраса деб қуради. Диний идора бунга ўз таклифини киритади: Андижонда бир мадраса бор, у ишлаяпти, буни масжид қилиб фойдаланайлик. Шунда масъул киши ҳам, маблағ юборган киши ҳам бунга рози бўлмади. Аввалги муфтий Абдурашид қори Баҳромов бир неча маротаба бориб, бу билан шуғулланганлар. Ҳаттоки, бизнинг вакиллигимиз ҳокимлик билан келишиб, буни вакиллик идораси қилайлик, Мусулмонлар идорасига берайлик, деганда ҳам булар рози бўлмаган. Шундан қолиб кетиб, ҳокимлик тасарруфига ўтиб кетган. Бу масалада диний идорага эмас, балки Адлия вазирлигига мурожаат қилиш керак эди. Ҳозир ҳам диний идора қараб турмаяпти: тадбиркорлар жалб қилиниб, одамларга уй-жой қилиб бериш, ўзини эса “Вақф” тасарруфига олишга ҳаракат қиляпмиз. Бу масала аслида бизга умуман алоқаси йўқ. Ҳозир сотилади, деган гаплар ҳам чиқди. Бироқ, менда бу борада аниқ маълумот йўқ. Агар сотиладиган бўлса, тадбиркорларни жалб қилиб уни сотиб олишга уринамиз.
















