Жамият | 16:34
3119
6 дақиқада ўқилади

Кимлар қурбонлик қилади? Унинг ҳукм ва одоблари

Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотларига таяниб, қурбонлик ва унинг ҳукмлари доир муҳим маълумотларни жамлади.

Фото: Sputnik

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахборотига кўра, юртимизда 2026 йилда муборак Қурбон ҳайити 27 май санасига тўғри келмоқда.

Номидан ҳам кўриниб турибдики, ушбу улуғ айёмда мусулмонлар қурбонлик қилиши билан ажралиб туради. Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотларига таяниб, қурбонлик, унинг ҳукмлари ва одобларига доир маълумотларни тақдим қилмоқда.

Қурбонлик қандай амал?

Қурбонлик луғатда «яқинлашмоқ», «яқин бўлмоқ» маъноларини билдириб, истилоҳда бу сўз Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида жонлиқ сўйишни англатади.

Қурбонлик Ислом динининг вожиб бўлган улуғ амалларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Кавсар сураси 2-оятида шундай марҳамат қилади: «Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг».

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қиларди ва бошқаларни ҳам қурбонлик қилишга тарғиб этарди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин», деган.

Қурбонликнинг тарихи

Қурбонлик ҳижрий иккинчи йил вожиб бўлган. Аммо унинг тарихи анча узоқларга – Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади ва у зотдан бизга қолган амаллардандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир», деган.

Қурбонликдан мақсад нима?

Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас. Ҳаж сурасининг 37-оятида шундай дейилади: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!».

Шунингдек, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади.

Қурбонлик кимларга вожиб?

Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт.

  • Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик - бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи ибодат бўлиб, ғайридинлар унга аҳл эмас;

  • Озод бўлиш. Чунки қулнинг мулки бўлмайди;

  • Нисоб эгаси бўлиш;

  • Муқим бўлиш – мусофирга қурбонлик вожиб эмас. Гарчи сафарда нисоб миқдорига эга бўлса ҳам.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар

Қурбонлик қуйидаги ҳайвонлардан бирини сўйиш билан адо топади:

  • Қўй ёки эчки, қорамол ва туя. Ушбу ҳайвонлардан бошқа ҳайвонлар қурбонлик ўрнига ўтмайди.

Қўйда ёлғиз бир киши, қорамол ва туяда эса бир кишидан етти кишигача шерик бўлиб адо қилишлари мумкин. Қўй олти ойлик ва ундан катта бўлиши шарт. Қорамол икки ёш ва ундан катта бўлиши шарт, туя беш ёш ва ундан катта бўлиши шарт.

Шу билан бирга, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон семиз, йўғон ва ёши катта бўлиши афзал саналади. Қурбонликка ярамайдиган айби ёки нуқсони бор ҳайвонларни сўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвон айбдан ҳоли бўлиши лозим. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қулоғи, ёки думи, ёки кўзининг бир қисмидан кўпроғи йўқ бўлса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Касал, чўлоқ ва озғин ҳайвонлар сўядиган жойга ўз оёғи билан юриб бора олмаса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Қурбонлик қилиш вақти

Қурбонлик қилиш вақти — Хайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади. Ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботиши билан тугайди.

Қурбонликнинг қийматини садақа қилиш мумкинми?

Қурбонлик талаб этилган жонлиқлардан бирини сўйиш орқали адо этилади. Жонлиқни сўймай, жонлиқни ёки унинг миқдорига тенг маблағни бериш қурбонлик ҳисобланмайди. Балки садақа ҳисобланади. Алоуддин Косоний роҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: «Бир киши қурбонлик кунларида қўйнинг ўзини ёки қийматини садақа қилса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Чунки қурбонликнинг вожиблиги қон оқизишга боғлиқдир».

Қурбонлик одоблари

Қурбонлик қилиш вожиб бўлган киши қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим:

  • Биринчидан – Қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Бошқалар «кўрсин» ёки «эшицин», деган ниятдан йироқ бўлади.

  • Иккинчи одоб – қурбонлик қилувчи соч, соқолига ва баданига ҳеч нарса теккизмаслиги. Қурбонлик қилишни ирода қилган киши зулҳижжа ойининг биринчи кунидан бошлаб, то ҳайит куни қурбонликни бажаргунга қадар соч-соқолини олмайди ва баданининг бошқа жойларига ҳам тиғ теккизмаслиги мустаҳабдир.

  • Учинчи одоб – қурбонлик қилишда айб ва нуқсони бор ҳайвонни қурбонлик қилишдан сақланиш.

  • Тўртинчи одоб – қурбонликни ўз қўли билан қилиш. Қурбонлик қилувчи ўз қўли билан сўйиши мустаҳабдир. Аммо ўзи сўйишни билмаса ёки бошқа сабабларга кўра ўзи сўймасдан, бошқага сўйдиришнинг зарари йўқ.

  • Бешинчи одоб – қурбонликнинг вақтини риоя қилиш.

  • Олтинчи одоб — сўйиш одобларига риоя қилиш.

Ҳайвонларни сўйишнинг ўзига хос одоблари, мустаҳаблари бордир. Туяни тик турган ҳолида олдинги чап оёғини боғлаб, бўйнининг пастидан, кўкраги томондан сўйиш, қорамол ва қўйларни эса чап томони билан ётқизиб, томоғининг тагидан сўйиш, пичоқнинг ўткир бўлиши, уни сўйиладиган ҳайвоннинг олдида ўткирламаслик, бошқа ҳайвоннинг кўз олдида сўймаслик шулар жумласидандир.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид