Жамият | 23:00 / 26.05.2019
31191
6 дақиқада ўқилади

«Сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз» – Миранда қоидаси Ўзбекистон қонунчилигида қандай акс этган?

Миранда қоидаси Ўзбекистонда 2009 йил 1 январдан эътиборан жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, № 52, 514­бет).

Миранда қоидаси бўйича ҳибсга олинган шахсга уни сўроқ қилишдан олдин албатта:

  • сукут сақлашга ҳақлилиги;
  • айтган гаплари судда унга қарши қўлланиши мумкинлиги ва қўлланиши; сўроқда унинг адвокати иштирок этиши мумкинлиги;
  • адвокат тўловини қила олмаса унга давлат томонидан адвокат берилиши тушунтирилиши ҳамда «ҳақ-ҳуқуқларингиз сизга тушунарлими?» деб сўралиши;
  • ўз адвокатига ёки яқинларига бир марта қўнғироқ қилиш имкони берилиши шарт.

Миранда қоидаси ҳақида

Миранда қоидаси Америка Қўшма Штатларида юзага келган юридик норма бўлиб, унга кўра, жиноят содир этишда гумон қилинувчи шахсни сўроқ қилишдан олдин унга процессуал ҳуқуқлари тушунтирилиши керак. Бу тамойил 1966 йилдаги АҚШ Олий суди қароридан келиб чиқади. Миранда қоидасидан кўзланган мақсад шахсга ўз-ўзига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқини (nemo tenetur se ipsum accusare) бериш бўлган.

Ўша вақтда Аризона штати полицияси Эрнесто Мирандани одам ўғирлаш ва номусга тегиш жиноятларини содир этишда айблайди. Полиция биносида икки соатлик сўроқдан кейин Миранда ўз айбига иқрор бўлади ва кейинчалик судланади. Ушбу жиноят иши юзасидан Миранданинг адвокати шикоят келтиради ҳамда АҚШ Олий суди бундан буён полициячилар шахсни ушлаш чоғида шартли равишда ном олган «Миранда огоҳлантируви»ни ўқиб эшиттиришларини талаб қилади. Бу қоида ушлаб туриш сабабларини, кўрсатув беришни рад этиш, ушланган шахс берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини ҳамда давлат ҳисобидан ҳимоячини таклиф этиш каби ҳуқуқларни ўз ичига олади. Ушбу қоида ҳеч ким ўзига қарши кўрсатув беришга мажбур эмаслиги ҳуқуқини таъминлаб берди. Шу пайтдан бошлаб, ушланган шахсга унинг ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилишидан олдин олинган ҳар қандай маълумот номақбул далил экани белгилаб қўйилди.

Сўроқ давомида қўлга киритилган ҳар қандай маълумот, агар у қўлга олинган шахсга унинг ҳақ-ҳуқуқлари тушунтирилишидан аввал олинган бўлса, ноқонуний олинган далил деб ҳисобланадиган бўлган. Бунда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин бўлди.  

АҚШдан ўрнак олиб, кўплаб мамлакатлар ўз қонунчиликларида Миранда қоидасини жорий қилишди. Хусусан, Ўзбекистон ҳам.

Миранда қоидасининг аҳамияти ҳақида

«Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Айтганларингизнинг барчаси сизга қарши судда ишлатилиши мумкин ва ишлатилади».

Гапирмаслик (ёки кўрсатув беришдан бош тортиш) жиноятда гумонланиб қўлга олинган шахснинг асосий ҳуқуқлардан биридир (ЎР ЖПК 48-м). Сўроқдан олдин бу ҳуқуқ тушунтирилиши улкан аҳамият касб этади, зеро айнан ҳибсдан кейин, адвокат иштирокисиз бўлиб ўтадиган сўроқлар кўплаб ҳақ-ҳуқуқлар бузилишига олиб келади.  

«Сиз адвокат билан маслаҳатлашиш ҳуқуқига эгасиз. Адвокатингиз сўроқ пайтида иштирок этиши мумкин».

Шахсий адвокат иштироки сўроқларнинг қонун доирасида ўтишига замин бўлади, ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлиши олдини олади. Шу боис, мазкур ҳуқуқнинг сўроқдан олдин тушунтирилиши, буни қонунан мажбурий қилиб қўйилиши сўроқ жараёнида инсон ҳуқуқлари ҳимояда бўлишининг муҳим омилидир.

«Агар адвокатнинг хизматларини тўлашга қодир бўлмасангиз, у сизга давлат томонидан тақдим этилади. Сиз ушбу ҳуқуқларни тушундингизми?»

Жиноятда гумон қилинувчининг шахсий адвокати бўлмаслиги, яъни у шахсий адвокат хизматини тўлашга қодир бўлмаслиги уни адвокатсиз сўроқ қилишга имкон бермайди – терговчи уни давлат томонидан бериладиган адвокат билан таъминлаши керак. Мазкур меъёр ҳам тергов жараёнида ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлмаслигига, ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаслигига хизмат қилади (ЖПК 50-м).

«Сиз ушбу ҳуқуқларни тушундингизми?»

Жиноятда гумон этилган шахс тергов олдидан унга айтилган ҳақ-ҳуқуқларини тушунгани тасдиқланмоғи лозим. Бу Миранда қоидасининг муҳим нуқтаси бўлиб, қоидадан кўзланган мақсад ҳосил бўлиши, расмиятчиликка айланиб қолмаслиги учун муҳим омилдир.

«Қўнғироқ қилиш ҳуқуқига эгасиз!»

Жиноятда гумон қилиниб қўлга олинган шахс «бир марта қўнғироқ қилиш» ҳуқуқига эга бўлади. Яъни, у ўз адвокатига ёки яқин қариндошига қўнғироқ қилиш ҳуқуқига эга ва бу имконият унга яратиб берилиши шарт (ЖПК 48-м).  Агар у телефон қилишдан воз кечса, уни ушлаган мансабдор шахс унинг оила аъзоларига қўнғироқ қилиши ва унинг ушлангани, қаерда сақланаётгани, нимада айбланаётгани, адвокат олиш ҳуқуқи борлиги ва бошқа маълумотларни бериши шарт.

Бу қоиданинг бузилиши, шунингдек, шахснинг ҳимоясига доир бошқа ҳуқуқлари поймол бўлган ҳолда  сўроқ қилиниши, бошқа тергов ҳаракатлари ўтказилиши гумон қилинувчи (айбланувчи, судланувчи) пировардида оқланишига сабаб бўлади, тўпланган далиллар судда номақбул далил деб эътироф этилади.

Сўнгсўз ўрнида

Жиноят-процессуал кодекс жиноятни гумонланувчининг «бўйнига илиш» учун эмас, балки, айбловчи ва ҳимояланувчи манфаатлари ўртасида ҳамда жиноят ишини тез ва тўлиқ суриштириш ва гумонланувчи (айбланувчи, судланувчи) манфаатлари ўртасида балансни таъминловчи қонун ҳужжатидир.

Ўзбекистонда ҳибсга олишда Миранда қоидасига амал қилиняптими? Мазкур қоида биз гувоҳ бўлаётган қўлга олиш ишларида тергов қилиш ҳуқуқи берилган идора томонидан бажариляптими? Бу саволлар очиқ.

Кейинги мақоламизда Жиноят-процессуал кодексига оид бошқа масалаларга тўхталамиз.

Абдувоҳид Якубов

Шокир Шарипов

Мавзуга оид