Ўзбекистон Конституциясида Хабеас корпус ва Миранда қоидаларини  ҳам акс эттирилиши ҳамда айбсизлик презумпцияси кафолатларни янада кенгайтириш таклиф этилмоқда. Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби кафедра мудири, юридик фанлари доктори, профессор Сурайё Раҳмонова Kun.uz’га берган интервьюсида кутилаётган ўзгариш оддий ўзбекистонликлар учун нима бериши, қоидалар қоғозда қолиб кетмай амал қилиши қандай кафолатлар берилаётгани ҳақида батафсил маълумот берди.

– Конституцияда айбсизлик презумпцияси кафолатларига оид қатор нормаларни мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда. Мазкур қоидалар кундалик ҳаётимизда қандай аҳамиятга эга?

– Айбсизлик презумпцияси – бу инсоният цивилизацияси тарихидаги шахс ҳуқуқларига оид энг буюк кафолатдир. Нима учун? Сабаби, айнан ушбу принципга мувофиқ, шахс унинг айби суднинг ҳукми билан аниқлангунига қадар айбсиз ҳисобланади! Яъни, жамият учун шахснинг шаъни ва қадр-қиммати унинг айби исботидан кўра муҳимроқ.

Тергов ўзининг функциясидан келиб чиқиб, судга мазкур шахс жиноят содир этганлиги ҳақида ўзининг версиясинигина тақдим қилади, бироқ ушбу шахс ҳатто жиноят содир этганида ушланган бўлса ҳам, унинг айби суднинг ҳукми билан аниқлангунига қадар у айбсиздир!

– Бу норма ҳозир ҳам қонунларимизда бор, лекин амалиётда ҳар доим ҳам амал қилинавермайди. Яъни ишламайди. Айби ҳали далиллар билан исботланмаган бўлса-да, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, хусусан, терговчи гумонланувчига 100 фоиз жиноятчидек муносабат бўлишади. Нега шундай?

– Амалиётда муаммолар борлиги рост. Аслида қонун ҳимоячиси бўлиши керак бўлган шахсларнинг айримлари томонидан қонунларга номувофиқ муносабати туфайли жиноят ва уни тергови ҳақида сўз борганда одамларимиз ичида шундай стереотип фикрлаш кенг тарқалган: “Тергов органларига кунинг тушмасин, тушса тамом, қутула олмайсан, тергов нима деса шуни қилишга мажбур бўласан”.

Энди эса тасаввур қилинг, жиноятда гумонланаётган ёки айбланаётган шахс терговчига қараб “Айбдор ёки айбсизлигимни исботлашга мажбур эмасман, бу сизнинг мажбуриятингиз!” деб турса. Тан олайлик, бундай вазиятни ҳатто тасаввур қилишимиз ҳам қийин. Аслида эса айбсизлик презумпцияси ҳар бир шахсга айнан шундай дадил позицияда бўлишни кафолатлайди!

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб беришга мажбур эмас. Бу нимани англатади? Терговда шахсга айблов терговчи томонидан эълон қилинади, суд муҳокамасида айбловни давлат айбловчиси қўллаб-қувватлайди. Айнан шунинг учун шахснинг айбли ёки айбсизлигини исботлаш мазкур мансабдор шахслар зиммасида. Гумон қилинувчи, айбланувчи исботлаш жараёнида иштирок этишга умуман мажбур эмас. Агар истаса, ушланган вақтдан то ҳукм чиқарилгунга қадар сукут сақлаши мумкин.