— Ўзбекистон қонунчилигида Хабеас корпус ва Миранда қоидалари ўз аксини топган. Шунга қарамай у конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу қоидалардан гумонланувчилар, айбланувчилар ва судланувчилар билан бир қаторлар уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокатлар кўп фойдаланишади. Республикамизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан бу қоидаларга қанчалик амал қилинади?

Илёс Юсупов:

— Нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда Хабеас корпус ва Миранда қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича бир қатор норматив-ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Жиноят процессуал кодексида ҳам шу қоидаларга риоя этилиши бўйича нормалар белгилаб қўйилган.

Маълумки, Хабеас корпус бу судга олиб келиш, яъни инсоннинг ҳаракатини чеклаш билан боғлиқ меъёрларнинг аксариятини судлар томонидан берилишини англатади. Миранда қоидалари эса инсоннинг ҳуқуқини тушунтириш билан боғлиқ ҳаракатни амалга ошириш заруратини белгилайди. Яъни Миранда қоидаси бўйича инсон бирон бир қилмишни содир этишда гумонланиб ушланган вақтда унга ҳуқуқларини тушунтириш демакдир.

Илёс Юсупов, адвокат / Фото: Kun.uz

Ҳар бир шахс бирор бир ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этганликда гумонланиб ёхуд айбланиб ушланган чоғида нима қилиши, ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари унга тушунтирилиши лозим. Энг аввало, у нимада гумонланиб ёки айбланиб ушланганини билиши керак. Сўнгра, унга адвокат олиш ва у билан суҳбатлашмагунча кўрсатма бермаслик ҳуқуқига эга экани, агарда унгача кўрсатма берган тақдирда ушбу кўрсатмалари судда ўзига қарши ишлатилиши мумкинлиги тушунтирилиши шарт.

Ушбу қоидаларни Конституциямизга киритиш режалаштирилмоқда. Мамлакат бош қонунига бу қоидаларнинг киритилиши, ўйлайманки, келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини амалга ошираётган даврларида мазкур конституциявий нормага қатъий риоя этилишини тақозо этади.

— Бу норма ҳозир ҳам қонунчилигимизда акс этган, лекин афсуски ҳамма ҳам унга амал қилавермайди. Бу сўзимни тасдиқловчи машҳур кейслар бор, фуқаро қайсидир идора томонидан ушлаб кетилгач, бир неча кунлаб йўқолиб қолгани, яқинлари уни турли идоралардан қидиргани, алал-оқибат у қайсидир идоранинг ҳибсхонасида топилганига доир далиллар бор. Тажрибангизда шу каби ҳолатларга дуч келганмисиз?