Ўзбекистонда икки фуқаролик жорий этиш таклиф қилинган мақола интернет тармоғида кенг тарқалди. Ундаги фикрларга асосан анча йиллар хорижда меҳнат қилиб, пенсия олувчи ватандошларнинг пенсия маблағлари ҳисобидан юртимизга эҳтимолий киритиши мумкин бўлган инвестициялар ҳақида сўз юритилган. Мазкур таклиф ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлди.
Бу борада “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўз муносабатини қуйидагича билдирди:
Бугунги глобал даврда инсоннинг эркин ҳаракатланиши, фаолият юритиши табиий ҳолат сифатида қабул қилинмоқда. Бутун дунёда малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж кундан кунга ортиб бораётганлиги эса уларнинг ҳаракат майдони чегараларини янада кенгайтирмоқда. Бундай ҳолларда, табиийки, одамлар ўзи учун энг оптимал йўлни – яъни, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан яхшироқ вариантни танлайдилар. Шундай бўлса-да, уларнинг аксарияти туғилиб ўсган ватанини бутунлай ташлаб кетишни истамайдилар.
Бундай вазиятларда, дунё амалиёти шуни кўрсатадики, “икки фуқаролик” тизими қайсидир маънода ечим бўлиши мумкин. Лекин, бу қанчалик тўғри йўл ва барча ривожланган мамлакатлар ҳам шу амалиётни жорий этганми?
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати экспертларининг фикрича, ушбу масала юзасидан таклиф беришдан аввал масалани ҳар томонлама муҳокама қилиш, қўшфуқаролик жорий этилган давлатларнинг салбий ва ижобий тажрибаси, бу аслида ким учун фойда ва ким учун ноқулайлик, қандай оқибатлар юзага келиши мумкинлигини таҳлил қилиш лозим.
Тушунчанинг мазмуни. Аввало, “қўшфуқаролик” ва “иккинчи фуқаролик” тушунчаларига ойдинлик киритиш лозим. Қўшфуқаролик — бу икки давлат ўртасида фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида иккинчи давлат фуқароси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги расмий келишувга эга бўлганда амалга оширилади. Мисол учун, Россия Федерацияси ва Тожикистон Республикаси, Испания ва Аргентина, Аргентина ва Италия каби давлатлар ўртасида ана шундай келишувлар имзоланган. Ушбу давлатларни географик, тарихий ёки тил омили каби жиҳатлар бирлаштириб туради.
Германия, Япония, Жанубий Корея, Норвегия, Қозоғистон, Белорусь, Эстония, Польша ва бошқа кўплаб давлатларда (рухсат берилмайди), шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам қўшфуқаролик тан олинмайди.
Иккинчи фуқаролик тизими эса — икки давлат ўртасида бундай келишув бўлмаганда ёки янада аниқроқ айтганда — фуқаронинг иккинчи давлат томонидан берилган фуқаролигини тан олмаган ҳолда, шу билан бирга бошқа давлат фуқаролигини олишга қаршилик кўрсатмайдиган ҳолат ҳисобланади.
Бундай тартибни АҚШ, Франция, Швеция, Австралия каби давлатларда учратиш мумкин. Жумладан, АҚШда шахс икки фуқаролик бўйича текширилмайди. Лекин, агарда АҚШ фуқароси иккинчи ёки қўшфуқароликни истаса, унда АҚШ фуқаролигидан воз кечиши ва ўша давлатга бутунлай кўчиб ўтишга мажбур бўлади.















