Ўзбекистоннинг ХХРдаги элчиси: 16 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Хитой бозорига олиб киришга рухсатнома олинган
Хитой билан лойиҳаларнинг сифатига эмас балки рақамлар ортидан қувиш принципи асосида ишлаб чиқилиши ва истиқболли режаларнинг республика вазирлик ва идораларида узоқ муддатли даврда кўриб чиқилиши уларни амалга оширишда сунъий тўсиқларни юзага келтирмоқда.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мажлислар залида Сенатнинг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг АҚШ ва ХХРдаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.
Ўзбекистоннинг ХХРдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов сўнгги йилларда икки давлат ўртасида амалга оширилган иқтисодий-сиёсий алоқалар ва инвестициявий лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтди.
«Йўл хариталарига истиқболсиз ва хом лойиҳалар киритилгани, хитойлик инвесторларнинг молиявий шароити яхши ўрганилмагани ва лойиҳаларни амалга ошириш учун етарли капитал йўқлиги, лойиҳалар сифатига эмас, балки рақамлар ортидан қувиш принципи асосида ишлаб чиқилиши ва истиқболли режаларнинг республика вазирлик ва идораларида узоқ муддатли даврда кўриб чиқилиши уларни амалга оширишда сунъий тўсиқларни юзага келтирмоқда. Шунингдек, баъзида Хитой томони номақбул шартларни илгари сурган ҳолатлар ҳам учраб турибди», дея Бахтиёр Саидовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Таъкидланишича, 2019 йилда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига 510 миллион доллар, 2020 йилда эса 730 миллион доллар тўғридан тўғри инвестиция жалб қилинган. Хитой Ўзбекистонга инвестиция киритиш бўйича ўтган йилда биринчи ўринни эгаллаб, жалб қилинган умумий инвестицияда Хитойнинг улуши 26,2 фоизни ташкил қилган.
Бахтиёр Саидов маълум қилишича, 2017 йилга қадар Ўзбекистоннинг бирорта қишлоқ хўжалиги маҳсулотини Хитой бозорига олиб киришга рухсатномаси бўлмаган. Охирги йилларда 16 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ХХР бозорига олиб киришга рухсатнома олинган.
Шунингдек, камбағалликка қарши курашиш ва соғлиқни сақлаш соҳасида парламентлараро алоқаларнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон учун фойдали бўлиши таъкидланди.
Маълумот учун, охирги 3 йилда Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги сифатида қайд этиб келинмоқда. 2020 йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 6,43 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. Шундан 1,93 миллиард доллар экспорт улушига, 4,5 миллиард доллар импорт улушига тўғри келган. Ўртадаги салбий савдо сальдоси – 2,57 миллиард доллар.
Мавзуга оид
21:03 / 26.11.2024
Хитойда Bank of China собиқ раҳбари ўлим жазосига ҳукм қилинди
18:06 / 26.11.2024
Трамп Мексика, Канада ва Хитой товарларига бож жорий этилишини эълон қилди
11:45 / 26.11.2024
Хитой Бухорода оқова сувларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқчи
08:43 / 26.11.2024