Жамият | 15:14 / 29.05.2019
4035
10 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда

Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази нафақат Қарши шаҳри, балки вилоятда фаолият кўрсатаётган тиббиёт муассасалари ичидаги энг йирик, малакали тиббий хизмат кўрсатилаётган муассасаларидан биридир.

Бугунги кунда марказ томонидан бир ойда 1 ярим минг, бир йилда эса 18 мингдан ортиқ беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Марказ 421 ўринга мўлжалланган бўлиб, шундан  210 ўринлиси бюджет ва 211 ўринлиси  хўжалик ҳисобида  фаолият олиб борилмоқда. Бундан ташқари, марказда 6 ўринли  реанимация  бўлими мавжуд.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида 4 миллиард сўмдан ортиқ хўжалик ҳисобидан ишлаб топилган  пул маблағи марказнинг моддий техника базаси учун  йўналтирилди.

Президентнинг 2019 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруқлари ижросини таъминлаш мақсадида марказнинг барча бўлимларида  чет эл  фуқаролари учун 2  кишилик, шунингдек, маҳаллий беморлар учун барча қулайликларга эга 4 та VIP палаталар ташкил этилган.

Марказда беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, врачлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг малакаси ва масъулиятини ошириш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Тажрибали врачлар ўтган йил ва жорий йилда Корея, Россия, Туркия давлатларига малакаларини янада ошириш мақсадида юборилди. Шунингдек, Корея ва Россия давлатларидаги тиббиёт муассасалари билан меморандумлар имзоланган. Айни вақтда марказнинг 3 нафар врачи  Россия давлатида малака оширмоқда.

Марказнинг «Хирургия» блокидаги вилоятда ягона ҳисобланган «торакал хирургия (кўкрак қафаси хирургияси)» бўлимида ўпка резекцияси, ўпка бўлагини олиб ташлаш, торакотомия, ўпка абцесси, ўпка кистаси, плеврит, ўпка эхинококки ва бошқа мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.

«Қон-томир хирургияси» бўлими ҳам вилоятда ягона ҳисобланиб,  10 ўринга мўлжалланган. Унда  варикоз касалликларида - оёқларда флебэктомия (классик ва микрофлебэктомия усулида), артерио-веноз фистула ўрнатиш (гемодиализ оладиган беморларга), склеротерапия – кичик варикозлар, гемангиомалар, телеангиэктазия, шунингдек, посттромбофлебит,  лимфостаз  жарроҳлик амалиётлари бажарилади.

Каротид эндартерэкомия (классик, эверсион усулда) ишемик инсульт касаллигининг олдини олиш мақсадида эндарэктомия ва профундопластика (беморларда сон артериялар атеросклерози билан) жарроҳликлари йўлга қўйилган.

«Урология» бўлимида республика илмий марказларида бажариладиган простата бези аденомэктомия без ўрнини тикиш билан, қовуқ-қин оқмасини тикиш, сийдик найи торайиши, уретеропластика, пластика амалиётлари, сийдик найи пастки қисми ёки тош касалликларида уретроцистонеоанастомоз, сийдик канали турли хилдаги торайиш ҳолатларида уретропластика жарроҳликлари амалга оширилади.

Вилоятда ягона бўлган «травматология-ортопедия» бўлимида суякларнинг синиши, чиқиши, туғма чиқиши, остеомиелит, артроз, ампутациядан сўнгги ҳолат, остеохондрозлар, қўшма шикастланишлар, мениск шикасти, суяк ўсма касаллиги ва шу каби  жарроҳликлари бажарилади. 2018 йил сентябрь ойидан «Эндопротезлар қўйилиши» жарроҳлиги қилинмоқда.

«Нейрохирургия» бўлимида республика илмий марказларида бажариладиган очиқ усулда бел, VL1-VL2 умуртқа танасини спондилолистизини транспедикуляр фиксатор билан репозицияси ва  стабилизация қилиш, бошни иккала тепа соҳасидаги суяк етишмовчилигини протокрил билан  ёпиш, бош мия пешона соҳасидаги ўсмаларини олиш жарроҳлиги қилинади.

«Умумий хирургия» бўлимида ошқозон ичакларга реконструктив жарроҳлик амалга оширилади. Ошқозон резекцияси, холецистоэктомия, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яраси тешилишини тикиб қўйиш, жигардан эхинококкни олиб ташлаш, ўткир ичак ўтказмовчилиги, ўткир кўричак, ўт халтасидан тош олиш, ҳар хил қисилган чурралар, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, бачадон фибромиомаси ва бошқа ҳар хил турдаги чурраларга аллопластика қилиш  жарроҳлиги амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу бўлимда жарроҳлик амалиётидан сўнг гигант винтрал чурраларда аллапластика ва абдоминал, чов чурраларида «Лихтенштейн» жарроҳлиги ҳам йўлга қўйилди.

«Проктология» бўлимида тери ва тери ости шиллиқ қаватлари, параректал оқма, анал каналини ёриғи, ўткир парапрактит, думғаза эпителий йўллари яллиғланиши, ректовагинал оқма, кандилома, дермоит кистаси жарроҳлигининг деярли ҳамма тури бажарилади.

«Йирингли жарроҳлик» бўлимида ўткир кўричак, ўткир тарқалган йирингли перитонит, ўткир флемоноз ҳолати, кесарча кесиш ОКХ, қорин бўшлиғининг ёпишиши, ўт қопи олди абцесси, чап тухумдон, ўткир тошли холецистит, периаппендикуляр абцесси, оқмалар, инфильтратлар, остеомиелитлар,  гангреналар, флегмоналар, панарицалар  ва шу каби  жарроҳликлар амалга оширилади.

2019 йил чора-тадбирлар режасига асосан ҳафтанинг ҳар чоршанба, шанба кунлари тор доирадаги мутахассислари шаҳар ва туманларда  ихтисослашган амалий ва методик тиббий ёрдамни ташкиллаштириш учун 1 дона 14 кишилик “Golden Dragon” русумли микроавтобус 244,0 млн. сўмга 3 йил муддат билан лизинг асосида харид қилинди.

Ногиронлиги бўлган фуқаролар, кам таъминланган оилалар, ижтимоий касалликка чалинган беморлар мурожаатларини ўрганиш бўйича мавжуд муаммолар ҳам ҳал этилмоқда.

Марказда  интернет тармоғи орқали шифокор қабулига масофадан электрон ёзилиш автоматлаштирилган ахборот тизими яқин кунларда  ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Марказни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ишлари ҳам тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2019 йил 20 май куни «Физиотерапия» бўлимига «АЛМАГ» номли магнитотерапия аппарати ўрнатилди. Ундан таянч ҳаракатлари аъзолари,  ҳар ҳил бўғимлардаги артрит ва артрозлар, таянч ҳаракатлари аъзолари жароҳатлари,  периферик нерв системаси касалликлари,  невралгияларда,  марказий нерв системаси жароҳатлари,  бош мия қон-томирлари,  қандли диабетнинг асоратлари касалликларини даволашда фойдаланилади.

Бундан ташқари, марказдаги «YXZ-IV” маркали замонавий тиббий жиҳоз тракцион каравоти бел ва бўйин умуртқаларини тортиш учун мўлжалланган.

Қон-томир жарроҳлик ва травматология бўлимларига электрохирургик коагулятор – «ЭХВЧ-400» маркали замонавий тиббий жиҳозлар олиб берилди. Бу қон кетишини тўхтатиш учун қўлланилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Германиянинг «КФВ» банки маблағлари ҳисобига молиялаштирилаётган «Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизациялаш» лойиҳаси доирасида  харид қилиниши кўзда тутилган  1 млн. евро қийматдаги  Голландия «PHILIPS» фирмасининг «INGENIA 1,5Т Omega»  МРТ аппарати 2019 йил июнь ойида марказга келтирилиши режалаштирилган.  Ҳозирги кунда МРТ аппарати учун мўлжалланган хонада таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, марказда мамлакатимизда юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда уларнинг хавф омилларининг олдини олиш, даволаш ва назорат қилиш, аҳолининг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида профилактика чора-тадбирларини самарали мувофиқлаштириш тизими мавжуд эмаслиги фуқароларнинг жисмоний фаоллиги даражасини қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзини юритишда келишилган чоралар кўриш имконини бермаяпти. Аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасининг пастлигича қолаётганлиги натижасида асосий эътибор профилактикага эмас, касалликлар билан курашишга қаратилмоқда.

Тиббиёт марказида даволанаётган беморларнинг тинчлиги, осойишта даволаниши ва марказ ҳудудида транспорт хавфсизлигини таъминлаш, бегона автомашиналарнинг  кириши ҳамда беморлар томонидан келгусида эътироз бўлишининг олдини олиш мақсадида  100та автомобилга мўлжалланган автотураргоҳ ташкил этилди.

Марказнинг барча бўлимлари янги, юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар билан  таъминланган. Марказ ҳудудини ободонлаштириш мақсадида яшил майсалар   экилди, 2 мингга яқин манзарали дарахтлар ва 10 мингга  яқин ҳар хил турдаги гул кўчатлари ўтқазилди.

Марказ ишчи-ходимларининг фаоллигини ошириш мақасадида  ҳар куни эрталаб соат 7.30дан соат 8.00гача жисмоний тарбия  машқлари ўтказилмоқда.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан интеграциялаштириш бўйича оммавий тадбирларни ўтказиш мақсадида марказ худудида спорт зал ташкил қилиниб, қарийб 30 хилдан зиёд машғулот жиҳозлари ўрнатилди. Беморлар ҳам ушбу спорт залида жисмоний тарбия билан шуғулланадилар.

Марказ жамоаси республика миқёсидаги ташаббусларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, 5та муҳим ташаббусларидан бири бўлган ёшлар ўртасида китобхонлик даражасини ошириш мақсадида «Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан» шиори остидаги китоб тарқатиш  акциясида қатнашди. Марказ бош шифокори Т.Расулов томонидан ўзи таълим олган Қамаши туманидаги 14-сонли умумий ўрта таълим мактабига энг сара адабиётлар совға  қилинди.

Бардошбек САМАД ўғли тайёрлади.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид