Саёҳат аэропортдан бошланмоғи лозим: Кореянинг Инчеон аэропорти ҳақида
Яқинда Корея Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтган Kun.uz мухбирининг сафари таассуротлари, ушбу мамлакатнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида туркум мақолалар бериб боришни режалаштирдик. Бугунги мақоламиз Кореянинг машҳур Инчеон аэропорти ҳақида.
Инчеон аэропорти ташриф буюрувчиларга яратилган кенг қулайликлари, жаҳон стандартларига жавоб бериши, соҳага оид бир неча халқаро мукофотларни қўлга киритгани билан бошқа аэропортлардан ажралиб туради. Пойтахт Сеулдан 70 километр узоқликда жойлашган мазкур аэропорт йўловчи ва юк ташилувчи бир нечта терминаллардан ташкил топган.
Асосий терминал майдони 496 минг кв.м.дан иборат. Янги терминал эса 2018 йилнинг 28 январида ишга туширилган бўлиб, 10 га яқин авиакомпанияларга хизмат кўрсатади. Ҳозирги кунда Инчеон аэропортида 70 дан ортиқ авиакомпаниялар фаолият кўрсатмоқда.
Бошингизни рақамлар билан қотиргандан кўра, Кореяга келган сайёҳлар, йўловчилар учун қандай имкониятлар мавжуд ва улардан қандай фойдаланиш мумкин, шулар ҳақида маълумот бериб ўтсам.
Инчеонга кириб келган сайёҳлар манзилига осон ва тез етиб бориши учун метрополитен, лифт хизмати, юки кўп меҳмонлар учун ўзиюрар йўлаклар, аэропорт ташқарисига чиқишингиз билан шаҳарлараро автобуслар, лицензияли такси хизматлари ва бошқа барча қулайликлар яратилган.
Мамлакатга келган сайёҳ саёҳатини энг аввало ўзи билан олиб келган доллар ёки бошқа валютани маҳаллий валютага алмаштиришдан бошлайди. Аэропортда бунинг учун барча қулайликлар яратилган. Аэропортнинг ўзида паспорт билан чет эл валютаси бўлган АҚШ долларини Корея пул бирлиги вонга ёки мамлакатдан чиқиб кетаётган вақтингизда уни қайта АҚШ долларига алмаштиришингиз мумкин. бундан ташқари, яна бошқа бир неча давлат валюталарини ҳам алмаштириш имконияти мавжуд. Бу билан мижознинг банк қидириш учун кетадиган вақти ва маблағи тежалади.
Аэропортнинг деярли ҳар бир бурчагида туристлар учун хизмат кўрсатиш жойлари мавжуд. У ерда сиз аэропортнинг қайси қисмида эканингиз, қаерда овқатланиш мумкин, шаҳарга қаердан ва қайси транспорт орқали чиқиб кета оласиз, учиш ёки қўниш вақтлари ва бошқа маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.
Аэропортда ҳатто маълумот олишингизга кўмаклашувчи замонавий сўнгги авлод роботларига ҳам дуч келасиз. Тегишли сўровни киритишингиз орқали зарур бўлган маълумотни олишингиз мумкин. Масалан мен аэропортда қандай дўконлар мавжудлиги, яқин-атрофдаги меҳмонхонани қандай банд қилишим мумкинлиги ҳақида маълумот олдим. Роботнинг имкониятлари жуда кенг. У кўзи ожизлар учун овоз орқали маълумот тақдим қила олар экан. Робот аэропорт ичида ҳаракатланиш жараёнида ўзининг сезиш дастури орқали бемалол ҳаракатлана олади.
Аэропортда совға, гул ва бошқа озиқ-овқат ёки ноозиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишингиз учун юзлаб дўконлар мавжуд. Улардан арзонлаштирилган маҳсулотлар сотиб олишингиз ёки буюртма қилишингиз мумкин. Бу ҳам чет эл сафаридан келган, яқинининг бағрига интилаётган шахс учун жуда қулай ҳисобланади.
Шунингдек, Инчеонда исталган турдаги тез тайёрланадиган ёки миллий овқатланиш масканларини топишингиз мумкин. Нархлар ҳам мамлакат ичидаги овқатланиш масканларидан кескин фарқланмайди.
Аэропортда текин жамоат wi-fi (вай-фай) хизмати ўрнатилган. Интернет тезлиги ҳам жуда яхши. «imo» ёки бошқа интернет орқали ишлайдиган иловалар ёрдамида бемалол яқинларингиз билан мулоқот қилишингиз мумкин. Овқатланиш жойлари, кутиш платформаларида ўз ноутбукларида ишлаб ўтирганларни ҳам учратишингиз мумкин.
Инчеонда яна аэропорт хизматидан фойдаланаётган шахслар учун турли хил кўнгилочар лойиҳалар амалга оширилади. Биз ўша куни жонли ижрода қўшиқ айтаётган гуруҳлар чиқишига гувоҳ бўлдик. Меҳмонлар уларнинг қўшиқларидан баҳраманд бўлишди.
Инчеонда меҳмонни кузатиш ёки кутиб олиш учун келган шахсларнинг автомобиллари учун алоҳида автопарклар жорий қилинган. Уларда аҳолининг барча қатламлари манфаати ҳисобга олинган. Яъни ногиронлар бошқарадиган автомобиллар учун аэропорт асосий биносига яқин жойдан жой ажратилган. У ерда ногиронлар лифт ва ўзиюрар йўлаклардан қийналмай фойдаланиши мумкин.
Кореянинг сайёҳ сифатида менга маъқул келган тарафларидан бири исталган жойда тоза, озода ва текин ҳожатхоналарга дуч келасиз. Аэропортдан минг-минглаб инсонлар фойдаланиши ҳисобига тозаликка масъул шахслар уни 24 соат давомида вақти-вақти билан алмашиб тозалаб туришар экан.
Аэропортдан чет эл ва маҳаллий компаниялар реклама майдони сифатида унумли фойдаланишади. У ерда сиз энг замонавий техникалар ва автомобилларга ҳам дуч келишингиз мумкин.
Турист сифатида сафаримни якунлаб, Ўзбекистонга қайтиш рейсини кутаётган вақтимда Корея ҳукуматининг маданият, спорт ва туризм вазирлиги вакили ёнимга келди. У ўз узрини айтиб, унга 10 дақиқа вақт ажратишимни илтимос қилди. Менга аноним сўровнома ўтказилаётгани ва жавобларим албатта вазирлик нигоҳидан четда қолмаслигини айтди.
Сўровномада қайси давлатдан нима мақсадда келганим, сайёҳ сифатида менга маъқул келган ва келмаган жиҳатлар, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар нархи ҳақида фикрларим, қайси меҳмонхонада вақтинча яшаганим, меҳмонхона нархи хизматларига мос келиш-келмаслиги, транспорт хизматлари сифати, савдо масканлари ҳақида хулосаларим ва бошқа кўплаб саволлар бор эди.
Хулосам: кореяликлар қандай ишлашни билишади. Сайёҳлар фикри ҳукумат учун жуда муҳим. Салбий жиҳатларни бартараф этишга доим ҳаракат қилишади. Чунки улар сайёҳлар орқали давлатга жуда катта миқдорда валюта тушуми келишини билишади.
Инчеон аэропортида бўлган чоғимда бир фикр хаёлимдан ўтди: қани энди бизда ҳам мана шундай аэропортлар ишга туширилса. Келаётган сайёҳлар шу ернинг ўзидан саёҳатини бошларди.
Ушбу ҳавола орқали видеороликни кўришингиз ва ўзингиз хулоса қилишингиз мумкин.
Видео: Youtube
Зафарбек Солижонов
Мавзуга оид
10:51 / 23.11.2024
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
17:53 / 20.11.2024
Тошкент халқаро аэропортида учиб келиш залини реконструкция қилиш бошланди
20:03 / 18.11.2024