Бир неча кун муқаддам Хитойда таҳсил олаётган бир гуруҳ ёшлар мурожаати интернетда шов-шувларга сабаб бўлди. Биз масалани батафсилроқ ўрганиш мақсадида консалтинг фирма билан суҳбат ўтказдик. Бу ишлар ҳозирги кунда кўпчилик ёшлар томонидан қизиқиш билдирилаётган хорижда таҳсил олиш учун юборувчи фирмалар хизматига катта шубҳа уйғотади. Хўш, бундай хизматларда нималарга эътибор қаратилиши лозим? Бу хусусда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги билан тузилган меморандум асосида фаолият юритувчи Хитойнинг «China campus network» университетлар ассоциациясининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Дилшод Хамраев билан суҳбатлашдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix) 

— Хорижга ўқишга борувчи ёшларимизга дастлабки савол қандай?

— Биз биринчи навбатда чет элга боришдан мақсад сўралади. Шуни аниқлаб олишимиз керак. Ҳозир ёшларда ҳар хил мақсадлар бор. Кимдир ишлашга боришни хоҳлайди, кимдир ҳам ўқиб, ҳам ишлайман дейди. Баъзи ёшлар диплом кераклиги учун арзон ўқишларга қизиқишади. Ўқишдан асосий мақсад – Ўзбекистон учун малакали кадр бўлиб етишиш бўлиши керак. Бунинг учун биз соҳаларни билишимиз керак. Яъни, Ўзбекистон учун қандай соҳалар керак? Масалан, ҳозир рақамли иқтисодиёт, IT-йўналишлар, инжиниринг, қурилиш, урбанизация, энергетика ва бошқа соҳалар мамлакат учун жуда муҳим. Бу соҳаларнинг малакали кадри бўлиш учун нуфузли университетда ўқиш керак. Буни билиш учун Вазирлар Маҳкамаси, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган дунёнинг нуфузли университетларининг 1000таси рўйхати бор. Ўша университетларга топширса, ўшандагина малакали кадр бўла олади. Ёшлар орасида Европа, Америка ва Осиёнинг бир неча давлатларига боришга қизиқиш кучли. Бизнинг тавсиямиз Хитой давлатига бўлади.

— Нега айнан Хитой?

— Ўзбекистон ва Хитой давлати ўртасида дипломатик алоқалар ривожланганини, инвестициялар, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган 2 мингдан ортиқ Хитой корхоналари, шунингдек, «Бир макон, бир йўл» лойиҳаларидан келиб чиқиб биз шу давлатга тавсия қиламиз. Хитой тилини биладиган мутахассисларга ҳозир талаб юқори. Энди университетларга ўқиш кириш йўлларини ўрганиб чиқиш керак. Авваламбор, ҳар қандай инсон олий ўқув юртларига мустақил ҳужжат топшириши мумкин. Бунинг учун ўша университетларнинг сайтлари бор. Бундан ташқари, консалтинг фирмалар ёрдами билан бориш мумкин. Охирги 3 йилда булар жуда кўпайиб кетди.