БМТнинг Фаластин босиб олинган ҳудуди бўйича махсус маърузачиси Франческа Албанезе 3 июл куни Женевада инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига қилган мурожаатида ўзининг навбатдаги ҳисоботини тақдим этди. Al Jazeera нашрининг ёзишича, ҳисоботда ўнлаб компанияларни Исроилнинг фаластинликларга нисбатан репрессия ва зўравонликларини қўллаб-қувватлаётгани айтилади.

«Босиб олинган Фаластин ҳудудидаги вазият апокалипсис тус олган. Исроил замонавий тарихдаги энг шафқатсиз геноцидлардан бирига жавобгардир», – дейди у.

«Оккупацион иқтисодиётидан – геноцид иқтисодиётига»

Албанезе — дунё бўйлаб ҳуқуқбузарликларни ҳужжатлаштирувчи БМТ томонидан тайинланган ўнлаб мустақил экспертлардан биридир. У кенгашга тақдим қилган «Оккупацион иқтисодиётидан – геноцид иқтисодиётига» деб номланган ҳисоботда Исроилнинг босиб олинган ҳудудларидаги аҳоли пунктларини ва Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган 60 дан ортиқ компания тилга олинган.

Ҳисоботда қурол ишлаб чиқарувчилар, технология гигантлари, йирик машинасозлик фирмалари ва молиявий институтлар Исроилнинг репрессив ҳаракатларида «ҳамкорлик қилганликда» айбланади. Ушбу компаниялар босиб олинган ҳудудлардаги экспансияни таъминлашдан тортиб, фаластинликларни кузатиш ва ўлдиришгача бўлган жараёнларда Исроилга ёрдам бермоқда.

Сиёсий раҳбарлар Ғазодаги қон тўкилишини тўхтатиш учун Исроилга босим ўтказишда ўз масъулиятларидан қочаётган бир пайтда «жуда кўп компаниялар ноқонуний босиб олиш, апартеид ва эндиликда геноцид иқтисодиётидан фойда кўрмоқда» дейилади ҳисоботда. «Ҳар бир давлат ва ҳар бир корпорация бу босиб олиш иқтисодиёти билан алоқани бутунлай узиши ёки ҳеч бўлмаганда уни тўхтатиши бўйича бошланғич жавобгарликка эга», - деди Албанезе.

Унинг сўзларига кўра, Тел-Авив фонд биржаси уруш бошланганидан бери деярли икки баробарга кўтарилган. Бу фаластинликларга етказилган азоб-уқубатлар билан кескин контрастда.

«Охирги 21 ой ичида Исроил геноциди фаластинликлар ҳаёти ва юртини вайрон қилаётган бир пайтда Тел-Авив фонд биржаси 213 фоизга ошиб, бозор даромади 225,7 миллиард АҚШ долларига етди. Фақат ўтган ойнинг ўзида бу рақам 67,8 миллиардни ташкил этди. Бир халқ бойиди, бир халқ йўқ қилинди. Кўриниб турибдики, баъзилар учун геноцид даромадли»,