Жамият | 17:30 / 02.06.2019
14521
3 дақиқада ўқилади

Экология қўмитаси Қашқадарёда ўлдирилган айиқ бўйича маълумот берди. Ижтимоий тармоқдагилар жонивор жасадини таҳқирлаганларни қоралашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ижтимоий тармоқларда ёввойи айиқ ўлдирилиши билан боғлиқ видео бўйича маълумот берди.

«Мазкур ҳолат Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманининг тоғли ҳудуди ҳисобланган «Лангар» маҳалла фуқаролар йиғини «Тутли» қишлоғида содир этилган бўлиб, 2019 йил 28 май куни соат тахминан 10:00 лар атрофида «Тутли» қишлоғида аҳоли яшаш жойига ёввойи, ёши тахминан 3 ёшлар атрофидаги айиқ Самарқанд вилояти билан чегара ҳудудидан келиб, аҳоли томорқасига бостириб кириши, уларнинг чорва молларига ташланиб ҳужум қилгани билан бирга аҳоли ҳаётига хавф туғдирган.

Фуқаролар ва уларнинг чорвалари хавфсизлигига зарар етказмаслик мақсадида олиб борилган чораларга қарамасдан ёввойи айиқнинг тажовузкорона ҳаракатлари сабабли, овчилар жамиятида расмий аъзоси ёрдамга чақирилиб айиқ отиб ўлдирилган. «Лангар» маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори томонидан отилган айиқ танаси касалликка чалинган ёки чалинмаганини аниқлаш мақсадида Чироқчи тумани ИИБга олиб кетилган.

Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитаси ва соҳага оид малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда қўшимча равишда ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда ҳамда Чироқчи тумани прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Қўшимча текширувнинг асосий мақсади, айиқнинг ўлдирилиши айнан охирги зарурат билан боғлиқлиги ёки йўқлигини аниқлашга эътибор қаратилиб натижаси юзасидан қонуний қарор қабул қилинишини таъминлашдан иборат», дейилади маълумотда.

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода айиқ жасади таҳқирланганини кўриш мумкин. Журналист Наргис Қосимова видео иштирокчиларини жавобгарликка тортишга чақирганди.

«Қашқадарё вилоят экология қўмитаси зудлик билан инсон деб аташга тилим бормаётган буларни жазога тортиши керак. Мана, бизнинг табиатга, жониворларга муносабат. Қўнғир айиқ Халқаро қизил китобга киритилган! Буларни жазога тортиб, натижасини эълон қилиш керак. Бошқаларга ибрат бўлиши учун. Жавобгарликка тортишни талаб қиламан. Буларнинг бари Қашқадарёда юз беряпти», деб ёзганди у фейсбукдаги саҳифасида.

Ижтимоий тармоқларда фикр билдирганлар жониворни ухлатиб қўйиш орқали ҳам тутиб қўриқхонага топшириш мумкин бўлгани ҳолда уни отиб ўлдиришганини танқид қилиб, айиқ билан суратга тушганларни қоралашган, жасадга қилинган муомалага тоқат қилиб бўлмаслигини ва бундай ҳаракатлар учун чора қўллаш кераклигини айтишган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид