Жаҳон | 10:30 / 02.06.2019
11140
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Дзержинск шаҳридаги тротил ишлаб чиқарувчи заводда портлаш юз берди

Фото: Елена Сорокина / ТАСС

1 июнда Россиянинг Дзержинск шаҳридаги “Кристалл” заводи ҳудудида бир нечта портлаш юз берди. Портлашлар тротил портловчи моддаси ишлаб чиқарувчи цехда содир бўлган. Портлашлар оқибатида 3 км радиусдаги 200 га яқин уйнинг ойналари чиқиб кетган.

Шунингдек, заводнинг ходимлари ва маҳаллий аҳоли орасидан умумий ҳисобда 85 киши жабр кўрган.  Гувоҳларнинг айтишича, портлаш зарби туфайли воқеа жойидан 1 км узоқликдаги дўконнинг девори вайрон бўлган. Портлашлар овози шаҳардан 20 км узоқликда ҳам эшитилган.

Портлашлардан кейин ёнғин чиққан. Заводнинг 5 та биноси вайрон бўлган. Ёнғинни ўчиришда 300 дан кўпроқ ўт ўчирувчи ва 50 та махсус техника иштирок этган. 

Портлашларга заводдаги технологик жараёнларнинг бузилиши сабаб бўлган. Тергов қўмитасида фавқулодда ҳолат қўпорувчилик акти эмас, балки техноген кўринишга эгалиги маълум қилинган. 

Шаҳарда фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган, бироқ янги портлашлар хавфи йўқлиги сабабли аҳоли эвакуация қилинмаган.

Завод 1953 йилда ташкил этилган бўлиб, портловчи моддалар олиш технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш билан шуғулланади. “Ростех” давлат корпорацияси таркибига киради.

 

 

Мавзуга оид