Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд шаҳрида келгуси уч йил ичида 6 та замонавий йўл ўтказувчи кўприклар қурилади
2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитини юқори савияда ташкил этиш учун келгуси уч йилда шаҳар ҳудудида 6 та йўл ўтказгич — кўприк қурилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 майдаги «Самарқанд шаҳрида 2019–2022 йилларда амалга ошириладиган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Самарқанд шаҳрида 2019–2022 йилларда барпо этиладиган кўприк ва тоннеллар, шунингдек, қуриладиган, таъмирланадиган ва реконструкция қилинадиган автомобиль йўлларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Уч йил ичида лойиҳа қиймати 452,5 миллиард сўм, умумий узунлиги 197 метр бўлган, чунончи, Сиёб канали устидан ўтувчи (37 метр), Гагарин кўчасида темир йўл устидан ўтувчи (10 метр), Қозизода Румий кўчаси бўйлаб 4Р-46 автомобиль йўлидан ўтувчи (12 метр), Оқдарё туманидаги собиқ Рофе Ҳамроев номли хўжалик ҳудудини Самарқанд шаҳри маркази билан боғловчи Қорадарё устидан ўтувчи (54 метр) , Ибн Холдун кўчасидаги темир йул устидан ўтувчи (34), Гагарин кўчасидан М-37 автомобиль йўлига чиқиш учун Сиёб канали устидан ўтувчи (50 метр) кўприклар қурилади.
Қурилиш ишлари республика бюджети маблағлари ҳамда «Абу-Даби тараққиёт жамғармаси» маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Автомобиллар кўпайгач, Самарқанд шаҳрида тобора йўл тирбандлиги муаммоси келиб чиқмоқда. Оқибатда Самарқанд шаҳрининг гоҳ у, гоҳ бу кўчасида машиналарнинг турнақатор бўлиб тизилиб қолиши, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда ноқулайликлар кузатилмоқда.
Самарқанд шаҳрида йўл ўтказувчи кўприклар бунёд этилиши автоуловларнинг ўтиш имкониятларини бир неча марта оширади, транспорт ҳаракатини тартибга солади. Кўчаларда тирбандликни камайтириб, ҳайдовчи ва йўловчилар ортиқча вақт ва маблағ йўқотишининг олдини олади. Энг муҳими, кўприклар қурилиши натижасида одамларнинг узоғи яқин бўлади.
Мавзуга оид
23:04 / 13.06.2026
Самарқандда Россияда ишлашни режалаштираётган фуқаролар учун тест маркази очилади
10:50 / 12.06.2026
Самарқанднинг олис туманларига инвестициялар жалб этилади
17:46 / 10.06.2026
Самарқанд туманлари қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва қайта ишлаш саноатига ихтисослашган ҳудуд сифатида ривожлантирилади
17:45 / 05.06.2026