Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сўнгги жавоб». Обамадан мактуб олган Ҳарвард тадқиқотчиси Жамшид Жамбулов билан суҳбат
Инсон чин дилдан истаса, ўз олдига аниқ конструктив мақсадларни қўя олса, улкан муваффақиятларга эришиши мумкин. Бу йўлда қоқилишлар-у машаққатлар бор. Энг муҳими, келажакка умидни сўндирмаслик лозим.
Қашқадарёлик Жамшид Жамбулов мақсади сари оғишмай ҳаракат қилаётганлардан бири, айни пайтда у миллионларнинг орзуси — Ҳарвардда тиббиёт бўйича илмий-тадқиқот олиб боряпти. Жамшид бундай узун йўлни қандай босиб ўтди? Хаёлотни реалликка айлантириш мумкинми? Суҳбатдошимиз ўз тажрибаси, режалари билан бўлишди.

«Шифокор бўлишни хоҳламаганман»
Мактабда ўқиб юрган пайтларимда инглиз тилига қизиқишим кўпроқ бўлган. Дипломат бўламан, деб ният қилиб юрардим. Отам шифокор бўлса ҳам бу касбни эгаллаш истаги бўлмаган, чунки кимё, биология мен учун жуда қийин эди, бу дарслардан қочиб кетардим. Шифокорларни ёқтирмасдим. Вестминстер, Сингапур ёки Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетларига ҳужжат топширишни кўзлаб тургандим. Шунинг учун дўстларим билан бирга инглиз тилини астойдил ўрганишга қаттиқ бел боғладик. Ҳамма қатори хорижда таълим олишни истардим. Интернет-кафеларга бориб халқаро грантларга ҳужжат топшириб кўрардик.
«Қўшалоқ байрам ва Америка ҳақидаги илк тасаввурларим»

2008 йилда АҚШ элчихонаси томонидан эълон қилинган FLEX (Futurе Leaders Exchange Program) дастурига ҳужжат топширдим. 2 ойдан кейин қабул қилинганим тўғрисида жавоб хати олдим. Ҳаракат қилса бўларкан-ку, дегандим ўшанда. Бир ҳафтадан кейин Тошкентга элчихонага чақиришди. Умумий ҳисобда 450 нафар ўқувчидан ҳужжат қабул қилинган бўлса, атиги 15 нафарига грант ажратиш режалаштирилганди. У ерда инглиз тилидан имтиҳон топширдим. Сўнг уйга қайтдим энди нима бўларкин, деб. Шу орада билимимни ошириш учун инглиз тилидан репетиторга бориб юрдим. 23 апрель куни туғилган кунимда кечки пайт одатдагидек дарсдан чиқиб уйга қайтдим. Дадам югуриб келиб мени табриклади. Қариндошларимиз билан байрамни нишонладик. Улар дастурда ғолиб бўлганимни билишаркан, лекин мени хабарим йўқ эди. Янгиликни эшитгач, хурсанд бўлдим, албатта. АҚШга 15 киши бўлиб жўнаб кетдик. Дастур бўйича америкалик мезбон оилалар билан яшашимиз лозим эди. Ҳаммамизни турли штатлардаги оилаларга юборишди. Бизга бириктирилган оила билан яшадик, Америка анъаналари, маданияти билан яқиндан танишдик. Мен Шимолий Каролинадаги мезбон оила билан бир йил яшадим. Ўша ердаги мактабда ўқидим. Билимларимни оширдим. Ўзим учун янги дунёни кашф қилдим. Ўқишдан ташқари кўнгилли бўлиб жамоат ишларида қатнашдим. Камбағалларга овқат, кийим-кечак тарқатиш, атроф-муҳит тозалигига кўмаклашиш каби ишларни бажарганмиз. Ундан ташқари, Ўзбекистон ҳақида тақдимот тайёрлаб берганмиз. Уларнинг ҳаммаси қўшилиб ҳисобланган ва охирида фаол қатнашганларга АҚШ президенти Барак Обама мукофоти берилди. Бир куни мактабдан келсам катта хат ётибди. Қўрқдим қонун-қоидани буздиммикан, деб. Кейин конвертни очсам, Барак Обамадан хат ва медаль турибди.
«Ҳаётимда туб бурилиш ясаган воқеа»
Ўзбекистонга қайтиб келгач, Қаршидаги Бешкент касб-ҳунар коллежида таҳсил олдим. Шу билан бир қаторда, ўқишга киришга тайёргарлик кўрдим. Дўстларим билан ўқув маркази очиб, у ерда уч йил мобайнида ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бердик. Коллежни тугатгач, ўзим яшаган штат (Шимолий Каролина)даги коллежга ҳужжат топширдим. Қабул қилинганимдан кейин Америкага кетдим. Элчи бўламан, деб юрардим. Лекин сиёсатга қизиқмасдим. Ўқиш давомида бу соҳа мен учунмаслигини тушуниб етдим. Кейин ўша ердаги мезбон оила аъзоларимдан маслаҳат сўрадим. Тиббиёт соҳасига талаб кучли, балки шифокор бўларсан, деб таклиф қилишди. Ўйланиб қолдим: тиббиётга умуман қизиқмайман. Мендан қандай шифокор чиқиши мумкин? Таваккал қилиб кўр. Ажабмас, омадинг келиб қолса, дейишди. Аниқ қарорга келиб, анатомия ва физиология курсига қатнай бошладим. У ерда бир семестр ўқидим. Қарасам, жуда қизиқ. Бир куни мезбон оиланинг бошлиғи менга касалхонада волонтёрлик қилиб кўришни, бундан кўп нарса ўрганишимни маслаҳат берди. Бордим. Ёши каттароқ волонтёрдан шу соҳага қизиқишимни айтдим ва операция хонасига кириб жараённи кузатишга рухсат беришадими, деб сўрадим. У маъмуриятдан сўраб кўришини айтди. 2 ой ўтгандан кейингина рухсатнома олишга муваффақ бўлдим. Шундан сўнг операция хонасига кириб жараённи кузатадиган бўлдим. Операциялардан бирида анестезиолог ҳамкасбларидан мени бу ерда нима қилаётганимни сўради. Талаба эканимни айтишганидан сўнг, у мени олдига имлаб яқиндан кузатишга рухсат берди. Бироздан сўнг хонага жарроҳ кириб келди. Операция вақтида унинг аниқ қўл ҳаракатлари, бир вақтнинг ўзида бир нечта калкуляцияни бажариши ҳайратлантирди. Бу худди раққоснинг бир маромдаги ҳаракатига ўхшарди. Жарроҳ тананинг кўкрак қисмини кесишга киришди ва янаям яқинроқ келишимни айтди. Кейин қўлини кўкрак қафасига қўйиб оҳисталик билан юракни кўтарди. Ҳаётимдаги бу воқелик мени жарроҳ бўлишимга сабаб бўлди.
«Сўнгги умид: Ҳарвард тиббиёт мактаби»

2 йиллик Forsyth Technical Community Collegeʼда ва Winston-Salem State Universityʼда ўқиб юрган пайтимда илмий тадқиқот стипендияларига топшириб кўрдим. Бир жойда муқим қолишни истамадим. Бошқа тиббиёт мактабларидаги шароит билан танишишни хоҳладим. Ўқув йили боши (2018 йил сентябрь)дан қайси жойга ҳужжат топширишни ҳал қилдим. Ҳисоблаб кўрсам, 40 та жойга ҳужжатларимни топширибман. Бирин-кетин электрон почтамга рад жавоблари ёғила бошлади. Бундан хафа бўлмадим, чунки ҳали олдинда ўттизга яқин жавоб хатлари бор эди. Кўнглимни чўктирмадим. Умид билан кута бошладим. 39-хат ҳам кутганимдек бўлмади. Сўнгги жавоб хати келишидан олдин эрталаб Худодан чин дилдан ният қилиб дуо қилдим:
«Эй Аллоҳим, мусофир юртда юрибмиз. Бутун кучимни, меҳнатимни шу ишга сарфладим. Оз бўлса-да меҳнатим самарасини кўрсатгин. Онам отам ўтгандан кейин кўнгли ярим бўлиб қолган. Онамга хушхабар айтиб кўнглини кўтаришни хоҳлайман» .
Орадан 5-6 соат ўтди. Электрон почтамга Ҳарвард тиббиёт мактабидан сўнгги хат келди. Очдим. Охирги сатрларига қарадим: «Хуш келибсиз» , деган ёзувни ўқидим. Ўша пайтдаги қувончимни тасвирлаб беришим қийин. Чин дилдан, ихлос билан ният қилинса, исталган орзуни амалга ошириш мумкинлигига амин бўлдим. Тиббиёт мактаби тадқиқотим учун маблағ ажратди. Яқин кунларда иш жараёнини бошлайман. Илмий тадқиқотим мавзуси бактериал протеин алмашинуви (Bacterial Protein Translocation).
«Профессор-ўқитувчиларимни Ўзбекистонга таклиф қилмоқчиман»

Ҳарвард тиббиёт мактабида тадқиқот олиб бориш учун грант ютганимдан сўнг шу пайтгача тўплаган тажрибамни бошқалар билан баҳам кўришни истадим. Ижтимоий тармоқдаги ўзбекистонлик дўстларим билан алоқа қилиб турдим. Ўзбекистонга келиб Ёшлар Иттифоқи томонидан ташкил этилган учрашувларда қатнашдим. Шу вақт мобайнида «Буюк келажак» ташкилоти эксперти Нуриддин Парпиев мен билан боғланиб ижтимоий тармоқларда кузатиб бораётганини айтди ва ўз сафига таклиф қилди. Ташкилотнинг мақсади чет элда юрган ўзбекистонликларни бирлаштириб, турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали юрт равнақи учун ҳисса қўшишдир. Бу бўйича бир қанча режаларим бор. Ўзим таҳсил олаётган университет профессорлари ва ўзбекистонлик мутахассислар билан тажриба алмашиш, мустаҳкам алоқа ўрнатиш учун кўприк вазифасини бажариш ниятим бор. Улар билан музокара ўтказиб ижобий натижаларга эришамиз, насиб қилса.
«Уфқ» романи ким эканлигимни доим эслатиб туради»

Ўқиш ва ишдан ортиб қўшимча машғулотлар билан шуғулланишга вақт жуда кам қолади. Лекин бу мени мутолаа қилишдан узоқлаштиролмайди. Бўш вақтимда асосан мотивацион китобларни ўқийман. Энг севимли китобларим қуйидагилар:
«Уфқ» трилогияси. Саид Аҳмад
«Илон Маск: Tesla, SpaceX ва фантастик келажак сўрови» . Эшли Ванс. (Elon Musk: Tesla, SpaceX, and the Quest for a Fantastic Future”by Ashlee Vance);
«Ақлли бўл» . Брейн Трейси. ( Get Smart by Brain Tracy);
«Муваффақиятли инсонларнинг 7 одати» . Стифен Koви. (The seven habits of highly effective people by Stephen Covey);
«Муваффақият қонунлари» . Рюо Окава (The laws of success by Ryuo Okawa);
«Лаҳза қудрати» . Экерт Толли. (The power of now by Eckhart Tolle).
Мана шу рўйхатдан «Уфқ» романини алоҳида таъкидламоқчиман. 3та романини ҳам ўқиб чиққанман. Бу китоб менга ким эканлигимни эслатиб туради. У ерда ўзбек халқининг ҳақиқий ҳаёти ортиқча бўёқларсиз тасвирланган. Шунингдек, жаҳон ёзувчиларининг асарлари, айниқса, Илон Маск ҳаёти тасвирланган китоб жудаям ёқади. Инсонни яратувчанликка ундайди.
«Тасаввур қилинг, орзуларингизга эришасиз»
Визуализациядан кўп фойдаланаман, яъни ўз орзуларим ҳақида реалликка айлангандек тасаввур қиламан. Бу ўз самарасини ҳам берган. Ҳарвард университети тиббиёт мактаби грантини қўлга киритишни жудаям хоҳлаганман. Ўқишга таклиф хати, ундаги исмим – ҳаммасини олдиндан тасаввур қилганман. Ҳаттоки Ҳарвард тиббиёт мактаби ёзуви олдида суратга тушишим ҳақида кўп хаёл қилганман. Мана, ниятим амалга ошди. Тажрибам мисолида визуализация кучини ҳис қилдим. Шунинг учун ўз олдингизга конструктив мақсадларни қўйишдан ва уларни амалга оширишдан чўчиманг. Муҳими, қўрқмай илдам қадам ташланг.
Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди
Мавзуга оид
09:34 / 09.02.2026
АҚШ Мудофаа вазирлиги Ҳарвард билан илмий ҳамкорликни тўхтатмоқда
22:26 / 03.02.2026
Трамп Ҳарварддан миллиард доллар «товон пули» талаб қилди
21:05 / 15.11.2025
“Мақсадни катта қўйиб, қўрқмаслик керак" – Ҳарварднинг ўзбек магистранти билан суҳбат
12:35 / 04.09.2025