Фан-техника | 17:44 / 07.06.2019
17526
3 дақиқада ўқилади

Huawei’га берилган янги зарба. Компания смартфонлари WhatsApp, Instagram ва Facebook’дан маҳрум бўлди

Фото: shutterstock/vostock-photo

Huawei америкалик яна бир ҳамкори – Facebook компаниясидан айрилди. Энди Хитой компаниясига Facebook ва Instagram иловалари, WhatsApp мессенжерини ўрнатиш тақиқланди.

Тақиқ мазмуни

Facebook компанияси Huawei ва унинг Honor бренди билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Ушбу русумдаги смартфонлардан компаниянинг барча сервислари, жумладан мессенжерлар ва Instagram ғойиб бўлади.

Фото: Chesnot via Getty Images

Huawei ўз гаджетларига Facebook иловаси, WhatsApp, FB Messenger ва бошқа иловаларни ўрната олмайди.

Тақиқ ишлаб чиқаришда бўлган ёки яқин вақт ичида сотувга чиқариладиган Huawei ва Honor телефонларига тегишли. Фойдаланувчилар қўлида ёки магазинларда бўлган қурилмалар учун бу тақиқ тааллуқли эмас, илгари ўрнатилган Facebook иловалари ишлашда давом этади.

Юклаб олиш мумкин

Facebook компаниясининг Huawei’га нисбатан янги сиёсати унинг мобиль дастурларидан фойдаланишни тўлиқ тақиқлашни кўзда тутмайди. Қурилмалар эгалари бу дастурларни Google Play интернет-магазинидан юклаб олишлари мумкин.

Аммо бу имконият тез орада йўқ бўлиши мумкин –Google компанияси Huawei билан ҳамкорликни аввалроқ тўхтатган. Дастлаб Android операцион тизими ва Play Store магазинига кириш ёпилди, сўнгра унга вақтинчалик лицензия берилди. Ушбу лицензия муддати ёз охирида якунига етади ҳамда Huawei ва Google муросага кела олмаса, Huawei смартфонларига одатий усул билан иловалар ўрнатишнинг иложи қолмайди.

Сиёсат қурбони

Фото: Thomas Peter/Pool/Getty Images

Facebook, Google, Intel ва бошқа қатор Америка компанияларининг Huawei билан ҳамкорликни тўхтатиши Дональд Трампнинг Хитойга нисбатан сиёсати натижасидир. Америка президенти савдо урушида ғалаба қозониш учун қатор чораларни кўрмоқда. Хусусан, унинг маъмурияти буйруғи билан 2018 йил декабрда Huawei асосчисининг қизи ҳибсга олинди.

Трампнинг сиёсати бошқа давлатлар компанияларига ҳам таъсир қилмоқда – биргина май ойида Huawei аввалига SD Association ассоциациясидан чиқариб юборилди, бу билан у ўз смартфонларида microSD хотира карталаридан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлди, сўнгра Wi-Fi Alliance ва JEDEC каби йирик ташкилотлардан ҳам қувилди. Айниқса, Британиянинг ARM компанияси Huawei’дан ўз процессорларидан фойдаланиш лицензиясини олиб қўйиши қаттиқ зарба бўлди.  

Буларнинг бари Huawei’нинг молиявий ҳолатига таъсир кўрсатди – Европада Huawei ва Honor брендидаги смартфонлар сотуви чорак қисмга пасайди. Операцион тизимда янгиланишлар бўлмаслиги, Google Play’нинг ёпилиши эса компания смартфонларини катта экранли ва кучли камерали оддий телефонларга айлантиради.

Мавзуга оид