23:34 / 07.06.2019
7764

Намангандаги Халқаро бизнес форумининг илк кунида 400 миллион АҚШ доллари миқдорида шартномалар имзоланди

Наманган шаҳрида 7-8 июнь кунлари Халқаро инвестиция бизнес форуми ва Наманган вилояти ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмаси бўлиб ўтади.

Тадбирнинг илк кунида дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатидан ташриф буюрган 350 нафар хорижий компаниялар вакилларига вилоятнинг иқтисодий имкониятлари намойиш қилинди.

Форум иштирокчилари “Шодиёна” тантаналар саройида “Doing Bisiness with Namangan - 2019” форумининг очилиш маросими, планер сессиясида иштирок этишди. “Давлат хизматлар маркази” биносида 4 та йўналиш бўйича секциялар муҳокамалари ўтказилиб, шартномалар имзоланди.

“Паҳлавон” мажмуасида Наманган вилояти ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмаси, янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти, “B2G” ва “B2B” форматидаги кооперацион биржалари, шартномалар имзолаш ҳамда пресс-брифинг ўтказилди.  

“Мазкур инвестиция бизнес форумини ўтказишдан кўзланган мақсад, ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб қилишдан иборат. Чет эллик бизнес эгалари, тадбиркорлар билан биргаликда 20дан зиёд элчиларнинг иштирок этаётгани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Биз мазкур форумдан жуда катта натижалар кутяпмиз”, дейди вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров.

 Анжуманинг иккинчи кунида чет эллик тадбиркорлар Наманган шаҳридаги “Арт Софт Текс”, “Истиқлол дизайн маркази”, Чортоқ туманидаги “Чортоқ минерал вотер” корхоналарида ҳамда “Ахсикент” археологик ёдгорлик мажмуаларида бўлишади.

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири

Top