Спорт | 22:13 / 07.06.2019
13167
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўртоқлик ўйинида Шимолий Кореяни йирик ҳисобда енгди

Фото: Маъруф Асқаров / Tribuna.uz

Тошкентда Ўзбекистон ҳамда Шимолий Корея миллий жамоалари ўртасидаги халқаро ўртоқлик ўйини якунланди. «Миллий» стадионида ўтказилган ўйинда Ўзбекистон 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйинда ҳисоб 29-дақиқада очилди. Жалолиддин Машарипов жарима майдончасига кириб бораётганда рақиб ҳимоячиси уни қўполлик билан тўхтатиб қолди. Ҳакам бу вазият учун Шимолий Корея дарвозасига пенальти белгилади ва стандартни Одил Аҳмедов голга айлантирди.

Иккинчи бўлим ўртасида ҳужумчилар катта саҳнага чиқишди. Аввалига 63-дақиқада Темурхўжа Абдухолиқов чап қанотдан Одил Аҳмедов ҳамда Достон Ибрагимов ривожлантирган ҳужумни голга айлантирган бўлса, 5 дақиқа ўтиб, Игорь Сергеев рақибнинг хатосидан унумли фойдаланиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Ўйин якунида эса Достон Турсунов 4-голни урди. Бурчакдан узатилган тўпни Анзур Исмоилов дарвоза яқинига узатди. Бу ерда ҳаммадан фаол бўлган Турсунов дарвозани ишғол қилди.

Халқаро ўртоқлик ўйини
ЎЗБЕКИСТОН - ШИМОЛИЙ КОРЕЯ 4:0
Тошкент. «Миллий» стадиони, 33 000 томошабин.
Голлар: Одил Аҳмедов (29, пенальтидан), Темурхўжа Абдухолиқов (63), Игорь Сергеев (68), Достон Турсунов (90+2).
Ўзбекистон: Санжар Қувватов, Ҳожиакбар Алижонов (Даврон Ҳошимов, 46), Достон Турсунов, Акром Комилов, Анзур Исмоилов, Одил Ҳамробеков, Икром Алибоев (Остон Ўрунов, 64), Одил Аҳмедов (Сардор Мирзаев, 84), Достон Ибрагимов (Хуршид Ғиёсов, 75), Жалолиддин Машарипов (Қувондиқ Рўзиев, 84), Темурхўжа Абдухолиқов (Игорь Сергеев, 64).

Мавзуга оид