Ўзбекистон | 22:30 / 08.06.2019
47777
15 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Чернобил воқеаси такрорланиши мумкинми? «Ўзатом» бу саволга жавоб берди 

Яқинда Чернобил воқеаларига оид сериал намойишидан сўнг ижтимоий тармоқларда атом энергетикаси хавфсизлиги, Ўзбекистондаги эҳтиёж ва қурилиш жараёнларига оид турли фикр мулоҳазалар билдирила бошланди, деб ёзади ЎзА. 

“Нима сабабдан бизда атом энергияси барпо этиляпти?”, “Нега айнан россиялик ҳамкорлар билан?”, “Харажат катта ва ундан қандай иқтисодий наф кўришимиз мумкин?”, каби саволлар илгари сурилди. “Ўзатом” агентлиги бу каби хавотирларга ўрин йўқлигини таъкидламоқда.  

Қуйида агентлик матбуот хизмати томонидан тақдим этилган мақола билан танишиш давомида сиз ҳам бу саволларга жавоб топишингиз мумкин. 

Биз ўзимизни электр энергияси билан таъминлашда давом этамизми ёхуд тинч атом масаласи хусусида

Атом станциялари электр энергияси ишлаб чиқаради, бунга бўлган заруратни эса ҳар бир киши ўзининг мисолида тушуниши мумкин. Бироқ атом станциялари ҳақидаги тез-тез бўлиб турадиган баҳсларда негадир уларнинг ҳақиқий аҳамияти эмас, балки улар туғдириши мумкин бўлган хавф муҳокамаларнинг асосий мавзусига айланади. Келинг, мавзуга далилларга таяниб, мулоҳаза юритайлик.

Бугун кинотасмага кўчган Чернобил воқеалари мавзуси суратга олиш гуруҳларига даромад келтиришда давом этяпти. Бу ҳақда гапириш ҳам анчагина фойдали - у ақлни жунбушга келтиради, ижтимоий тармоқлардаги фикрлар ва баҳсларни озиқлантиради, бу эса кейинги “Чернобил сериали“ни эшитишга одамларда талаб борлигини англатади. Бугунги кунда буюртмага эга бўлиш учун эса ҳамма нарса муҳим саналади.  

Лекин мақсадлари ўз манфаатларига эришиш бўлган “сериалчилар” учун электр энергияси сув ва ҳаводек зарур. Атом электр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланишнинг ягона мақсади эса - электр қуввати ишлаб чиқариш. 

Бироқ, нафақат бугун, балки эртага, табиийки ундан кейин ҳам электр қуввати бўлиши учун барча чоралар ҳозирданоқ кўрилиши керак. 

Нега Украина, Беларус ва Япония атом энергиясидан воз кечмаган? 

Келинг, далилларга ўтайлик. Бир неча ўн йиллар илгари рўй берган Чернобил воқеалари икки мамлакат - Украина ва Беларусга ҳаммадан кўпроқ таъсир қилгани барчага аён. Нисбатан яқинда юз берган Фукусима воқеаларидан эса Япония жабр кўрди. “Одамда ваҳима уйғотадиган ҳикоялар” боис ушбу давлатлар атом энергиясидан фойдаланишни биринчи бўлиб тўхтатишлари керак эди. Далиллар эса бунинг аксини кўрсатмоқда. Бугунги кунда Украинада ишлаб чиқарилаётган электр қувватининг 55 фоизи атом электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. Яъни ярмидан кўпроғи! Бу эса иқтисодиётнинг ва инсон ҳаётида муҳим ўрин тутувчи компьютерлар, гаджетлар ҳамда бошқа нарсаларнинг ҳаракати демакдир. Бугунги кунда кўпчиликнинг иши бевосита компьютерларга боғлиқ бўлиб қолган. Демак, электр йўқ - ҳеч қандай иш, даромад ва бошқа энг зарур нарсалар йўқ деганидир.

Боз устига, Беларус янги атом электр станцияси қуришни режалаштирмоқда ва бу борада амалий қадамлар ташланиши кутиляпти. Японияга келсак, ушбу юқори технологияли мамлакат ўз АЭС технологияларига доимий равишда инновация киритади, шу мақсадда режали тарзда улар тўхтатилади ва янги лицензия билан тасдиқланган навбатдаги инновациялардан сўнг улар фаолиятини қайтадан бошлайди. Кейин янги ишга тушириш жараёни бошланади. 

Ушбу мамлакатда навбатдаги АЭСлар фаолиятини тўхтатиш жараёни айнан япон инновациялари билан боғлиқдир. Мавжуд атом станциялари фаолиятини давом эттириш ҳамда доимий равишда янги технологиялар қўлланилиши жиҳатидан ушбу тажрибани ўрганиш муҳимдир. Қайд этиш керакки, “Ўзатом” агентлиги фаолиятини бошлаган биринчи ҳафталарданоқ унинг мутахассислари амалий ташриф билан Украина, Беларус ва Япония давлатларида бўлиб, бу мамлакатларнинг тинч атомдан фойдаланиш бўйича тажрибаларини ўрганганлари тасодиф эмас. Сафарлар давомида томонлар Ўзбекистонда қуриладиган биринчи атом электр станцияси бўйича тажриба алмашиш ҳамда фаол ҳамкорлик қилиш борасида келишувларга эришдилар. 

Бизда янги авлод атом реакторларидан фойдаланилади 

Атом энергияси соҳасида тажрибага эга бўлган мамлакатлар учун бизнинг тажрибамиз ҳам муҳимдир. Негаки, улар фойдаланаётган АЭСлар аввалги авлод реакторларида ишлаётган бўлса, қуввати 1200 МВт бўлган Ўзбекистондаги атом электр станцияси ВВЭР реакторларидан фойдаланиладиган энергия базасида Россия дизайни асосида барпо этилади. У бугунги кундаги энг илғор энергия блокидир! Бу “3+“ авлодига мансуб бўлиб, МАГАТЭ (Атом энергияси бўйича халқаро агентлик)нинг хавфсизлик соҳасидаги талабларига тўла мос келади. Мазкур блоклар хавфсизлиги экстремал шароитлар юз берганда ҳам кафолатланган. Ҳатто АЭСга ҳаво лайнери келиб урилганда ҳам унинг блоклари зарбага дош беради. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда Россия технологияси ёрдамида атом станциялари Финляндия, Венгрия, Туркия ва Мисрда қурилмоқда. Янги блокларни қуриш масаласи бугунги кунда Чехия Республикаси, Болгария томонидан ҳам кўриб чиқиляпти.

Шундай қилиб, бирор нарса ҳақида гапиришдан аввал, мавзу бўйича ҳеч бўлмаса интернет орқали тушунчага эга бўлиш лозим. Шундан сўнг эса атом энергетикаси жадал ривожланаётгани, жумладан, қуруқ ваҳимали гаплар учун Украина, Беларус ва Япониядаги АЭСлар ёпиб юборилмаслигини англаб етилади.

Энергияга бўлган эҳтиёж ҳажми шу қадар кўпки, уни фақат АЭС бериши мумкин!

Экспертлар ҳозирги пайтда АЭСларни фойдаланишдан чиқарилиши электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмида сезиларли қисқаришларга сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирмоқдалар. Бу йўқотиш ўрнини на шамол, на қуёш қурилмалари, на тобора баҳоси кўтарилаётган газ боса олади. Эртага биз уйларимиздаги ёруғлик, дазмоллар ва кир ювиш машиналаридан фойдаланганимиз учун бир неча баробар ортиқ ҳақ тўламаслигимиз, электр қувватининг нархи ошиши сабабли маҳсулотлар қимматлашиб кетмаслиги учун тинч атомдан фойдаланишни кенгайтириш керак. Агар ҳақиқий вазият билан шуғулланмасдан, “даҳшатли ҳикоялар“ни муҳокама қилиш билан овора бўлиб қолсак, у ҳолда вақтни бой берамиз.

Атом энергиясига сарфланган 1 евро 5 евро бўлиб қайтади

Бугунги кунда Европа Иттифоқи мамлакатларида атом энергетикаси умумий электр ишлаб чиқаришнинг чорак қисмини (150 ГВт ўрнатилган қувват) таъминламоқда. Кўплаб мамлакатлар ЕИ эришган иқтисодий ривожланиш даражасига интилаётгани ҳам сир эмас. “Deloitte” компанияси томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, атом саноати Европа Иттифоқининг фақатгина бугунги иқтисодиётига кучли таъсир кўрсатаётгани йўқ. ЕИ келгуси ўттиз йил давомида ушбу вазиятни сақлаб қолишни режалаштирмоқда. Бу мақсадга эса янги атом электр станцияларини қуриш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш орқали эришилади. Қолаверса, бу ишларни ҳозирданоқ бошлаш лозим, акс ҳолда атом энергияси ҳиссасининг пасайиши бошланади. Ва бу нафақат ЕИнинг энергия хавфсизлиги, балки нархлар ва бандлик даражасининг пасайиши учун ҳам таҳдиддир. Европа Иттифоқи учун сўнгги омил ҳам муҳим аҳамиятга эга. ЕИ мамлакатларида юқори даражадаги турмуш шароити одамлардан юқори даромад талаб қилади. Тўкин ҳаётда яшаш учун шунга яраша тўлаш керак. Атом саноати бандлик соҳасига ҳам яхшигина ижобий таъсир кўрсатади. “Deloitte” тадқиқотида қайд этилганидек, Европа атом саноати ЕИ мамлакатларида жами 1 миллион 100 мингдан зиёд иш ўрни яратиб, ЕИ ялпи ички маҳсулотига 500 миллиард евродан зиёд маблағ билан ҳисса қўшмоқда.

Бундан ташқари, атом саноати соҳасидаги ҳар бир иш ўрни ЕИ иқтисодиётида 3,2 иш ўрни яратади. Электр қуввати - бу бутун иқтисодиётнинг двигателидир, шу боисдан атом саноати учун сарфланган ҳар бир евро, якунда Европа Иттифоқи давлатлари ялпи ички маҳсулотига 5 евро бўлиб қайтяпти.

Тадқиқотга кўра, атом станцияларининг ҳар бир гигаватт ўрнатилган қуввати ҳам атом саноати, ҳам иқтисодиётнинг тегишли соҳаларига йилига 10 млн. евро миқдорида инвестиция жалб этади, 10 мингга яқин кишини иш билан таъминлайди.

Углеродсиз энергетика тармоғи яратилади

Европа Иттифоқи атом станцияларининг энергетика соҳасига қўшаётган ҳиссасини сақлаб қолиш учун барча чораларни кўрмоқда. Чунки Европа Иттифоқи 2050 йилгача углеродсиз энергетика тармоғини яратишга ҳаракат қиляпти. Маълумки, у фақат атом энергияси ҳамда ҚТЭ (қайта тикланадиган энергия) манбалари ҳисобидан таъминланади. Аслида қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришга бутун дунёда катта эътибор қаратилмоқда, аммо улар ҳали атом энергиясининг қувватини бериш имконига эга эмас.

Шу боисдан, келажакда ЕИ давлатлари қазилма ёқилғиларидан фойдаланишдан воз кечишларига қарамай, таҳлилчилар кўмир саноати ходимларини атом соҳасида ишлашларини таъминлаш учун қайта тайёрлаш тизимини ташкил этишни таклиф қилмоқдалар. Яъни одамларни иш билан таъминлаш. Бу эса, тахминларга кўра 3 йил давомида тинч атом саноатида уч миллионга яқин иш ўрни яратилишига сабаб бўлади. Таҳлилчилар электр энергияси истеъмоли ошиб бориши сабабли сайёрамизда иссиқхона газлари миқдори ортиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар. Ана шундай шароитда Ғарб давлатлари 2050 йилгача углеродсиз энергияга ўтишга қарор қилган ва бу билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун муҳим қадам қўйган.

Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) тадқиқотида таъкидланишича, келгуси йилларда кўплаб АЭСлар ўз ресурсларини тамомлаб, режалаштирилган ёпилиш жараёнига ўтиши мумкин. Бироқ бу билан электр энергиясини истеъмол қилиш камаймайди, аксинча унинг истеъмоли айнан ўша ривожланган давлатларда ортади.

Қайта тикланадиган энергия манбалари, юқорида таъкидланганидек, бу бўшлиқни тўлдиришга қодир эмас, яъни қазилма ёқилғиларида ишлайдиган иссиқлик электр станцияларни кенг кўламда ишга тушириш бошланади. Бу эса атмосферага углеводород чиқитлари ажратилиши кўламининг ортиши иқлим ўзгаришининг янги даври бошланиши демакдир. Бундан ташқари, атом энергетикасининг ҳиссасини қисқартириш мумкинлиги билан боғлиқ ҳолда, ХЭА ривожланган мамлакатларда электр нархларининг кўтарилиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантиряпти.

Аҳолига салбий таъсир кўрсатадиган ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун Халқаро энергетика агентлиги ривожланган мамлакатлар ҳукуматларини узоқ йиллар фаолият кўрсатадиган АЭСларни сақлаб қолиш йўлларини қидиришга ва бу борадаги саъй-ҳаракатларни ўз ҳолига ташлаб қўймасликка чақиряпти. Бугунги кунда АҚШ ва ЕИдаги кўпгина реакторлар фойдаланиш муддатининг охирги йилларига яқинлашмоқда ва агар улар хизматидан воз кечишга рухсат берилса, бу мамлакатларда кейинги 20 йил ичида электр энергиясини ишлаб чиқаришда атом энергиясининг улуши пасаяди.

Ривожланган мамлакатларда атом энергиясининг пасайиши бу иқлим ўзгариши ва нархнинг ошиши демакдир.

Халқаро атом энергияси агентлиги ижрочи директори Фотиҳ Биролнинг таъкидлашича, “Атом станцияларининг хизмат муддатини узайтириш нафақат иқтисодий жиҳатдан самарали ечим, балки иқлим ўзгариши борасидаги манфаатларимизга ҳам мос тушади. Чунки ушбу масалалар бугунги куннинг энг долзарб сиёсий вазифалари ҳисобланади“.

Мазкур масала нафақат ривожланган, балки барча мамлакатлар учун ҳам долзарб эканлиги ўз-ўзидан аён. Ўзбекистон ўз олдига катта мақсад ва катта вазифаларни белгилаб олган. Иқтисодиёт ва одамларнинг турмуш даражасининг ошиши билан ўзаро боғлиқ тушунчалар мавжуд. Биринчи атом станциясини қуриш тўғрисидаги қарор бу мақсадларга эришишни таъминлаш борасидаги муҳим қадамдир. Электрсиз, унинг таъминоти ва нархида барқарорликка эришмай туриб, саноатни ривожлантириш, турмуш сифатини яхшилаш мумкин эмас.

Мамлакат учун бу муҳим қарор ҳар томонлама пухта ўйланган эди. Янги авлод атом электр станцияларини қуриш учун энг илғор технологиялар танланган. Атом энергияси соҳасида хавфсизликни таъминлашда энг илғор позицияга, ушбу йўналишда катта халқаро тажриба эга бўлган МАГАТЭ билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган ва унинг тажрибалари ўрганиляпти. Ташкилотнинг Тошкентда бўлиб ўтган семинарида Агентликнинг Ядро ускуналари хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Грег Жентковски таъкидлаганидек, янги АЭСларни қуришнинг асосий замонавий мезонлари уларнинг атроф-муҳитга таъсири, яъни экологик қадриятлар, шунингдек, лойиҳа хавфсизлиги масалалари бўлиб, бу омиллар соҳани ривожлантиришга ҳам ишончли ҳисса қўшади.

“Ўзбекистон иқлимининг ўзига хос жиҳатлари масаласига келсак, мен шуни айтмоқчи эдимки, жаҳон амалиётида шунга ўхшаш иқлимга эга бўлган мамлакатларда реакторларни жойлаштириш мисоллари мавжуд“, - дея таъкидлаган МАГАТЭ мутахассиси.

Ҳар бир босқич МАГАТЭ билан мувофиқлаштирилади

Ўзбекистон МАГАТЭ билан бўлажак атом электр станцияси қуришнинг ҳар бир босқичини ишлаб чиқмоқда ва мувофиқлаштирмоқда. 2020 йилда мамлакатимизга МАГАТЭнинг биринчи миссияси ташриф буюради ва бу тинч атомни ривожлантиришда Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини баҳолаш йўлидаги жиддий қадам бўлади.

Айниқса, МАГАТЭнинг хавфсизлик бўйича тавсиялари муҳимдир. Атом электр станциясининг хавфсизлиги Ўзбекистон томонидан таъминланади. Бу Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳамкорликда атом станцияси қуриш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимда аниқ белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда атом энергияси соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашга катта эътибор берилмоқда. Шу мақсадда “Ўзатом” агентлиги мутахассислари учун МАГАТЭда, шу жумладан, АҚШ ва бошқа мамлакатларда амалиётлар ташкил этилди. Дунёнинг турли мамлакатлари тажрибаси фаол ўрганилмоқда.

Бундан ташқари, тинч атом соҳасини ривожлантириш учун дунёдаги етакчи инжиниринг компаниялардан бири бўлган “Ворлей” компанияси билан қўшма корхона тузишга келишилди.

 Ўзбекистон, шубҳасиз, энергетикани ривожлантиришга, қайта тикланадиган энергетика ва унинг истиқболига катта эътибор қаратмоқда. Аммо амалда маълум бўлишича, бугунги кунда мамлакатимиз энергия хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш вазифасини АЭСлар кучига таянмасдан таъминлашнинг иложи йўқ.

 Хулоса ўрнида

 Жаҳон атом энергетикасини ривожлантириш тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳар бир мамлакатда тинч атомни фаол ривожланиши билан бир қаторда атом станциясини барпо этиш, энергетик хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш режалари ҳамда халқ фаровонлигини таъминлаш билан боғлиқ ишларни муваффақиятли ҳал этилиши намоён бўлмоқда. Фан ва таълимнинг ўсиши давом этмоқда ва бу омил бугунги кунда жуда муҳимдир. Бу мамлакатимиз тараққиётига, унинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига, ўз навбатида бугунги кунда барчамиз қуришга ҳаракат қилаётган фаровон ҳаётнинг муҳим омили бўлади.

Мавзуга оид