Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд шаҳридаги энг кекса билим юрти бир асрлик тўйини нишонлади — фоторепортаж
Самарқанд педагогик ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўзининг 100 йиллик юбилейини нишонлади.

Юбилей маросимига шу даргоҳда меҳнат қилган ва таълим олган инсонлар, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.


Мазкур таълим маскани 1919 йилнинг 10 май куни маориф институтининг узоқ муддатли педагогик курслари базасида ташкил этилган. Самарқанд педагогика билим юртида самарқандлик маориф устаси Абдуқодир Шакурийнинг шогирди, маърифатпарвар Исматулла Раҳматуллаев, сўнгра Жалол Азизов, Юнусбек Юсупов, Наим Саидов, Қосим Давронов, Санобар Азимова, Дилмурод Бобожонов каби устозлар қатор йиллар билим масканига раҳбарлик қилишган.
Узоқ йиллар педагог А.С.Макаренко номи билан юритилиб келинган билим масканида турли йилларда Фахриддин Розий, билимдон педагоглар Набирахўжа Валихўжаев, Тўрақул Зеҳний, машҳур археолог Ф.Вяткин, Г.Леменовский, М.Рождественская, Е.Миролюбова, Ҳ.Ходизода, Ш.Турсунов, ўзбек композитори Юнус Ражабий, Толиб Содиқов, шоир Миртемир фаолият кўрсатишган.
Ўқув юртининг илк битирувчилари — шоирлар Ҳ.Олимжон ва Ҳ.Юсуфий, академик В.Абдуллаев, ёзувчи Ф.Ниёзий, совет иттифоқи қаҳрамони Ф.Йўлдошев, меҳнат қаҳрамони М.Нарзиқулов, шоира ва адабиётшунос олим М.Алавия, халқ артисти Раззоқ Ҳамроев, драматург Шукур Саъдулла, филология фанлари доктори Расулхон Ҳодизода, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Зеби Тошпўлатова, навоийшунос олим Ботурхон Валихўжаев бўлишган.
Билим масканида кўплаб таниқли спорт усталари етишиб чиққан. Уларга номлари машҳур устозлар таълим-тарбия бериб келишган.
Билим юртининг 1969 йилги 50 йиллик юбилейи ҳам катта тантаналар билан нишонланган. 1991 йили 70 йиллик юбилейида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ўқўв юрти жамоасига табрикнома жўнатган.
Таълим масканининг бир асрлик тўйини нишонлашга коллежда қизғин тайёргарлик кўрилди.



Хусусан, коллеж фаолиятига бағишланган рангли альбом ва буклетлар тайёрлади, катта ва кичик кўкрак нишонлари барчага тарқатилди. Юбилей тантаналарига бағишланган йиғилишда коллеж директори Ж.Ражабов сўзга чиқиб, йиғилганларни табриклади ва коллеж фаолияти билан қисқача таништириб, галдаги вазифалар ҳақида сўзлаб берди.


Энг асосийси — тўй баҳонасида ташриф буюрган меҳмонларга президент Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган «Ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларига хизмат қилувчи бешта ташаббус» лойиҳаси асосида «Бешта муҳим ташаббус — эртамиз эгалари истиқболи йўлида» мавзусида ҳисобот-тақдимот ҳам ўтказилди.

Ўқувчи ёшларни маданият ва санъатга жалб қилиш мақсадида «Беш ташаббус, беш ғоя» мавзусида ўқувчи-қизлар ўртасида расмлар танлови ўтказилди. Мажлислар залида қўшиқ ва рақс тўгараги қатнашчиларининг чиқишлари ташкил этилди.

Ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш мақсадида спорт мажмуасида стол тенниси, кураш, сакраш, волейбол, қўл тўпи, шахмат спорт тўгаракларининг намунали машғулотлари намойиш этилди, фойеда халқаро ва республика спорт чемпионларининг жонли кўргазмаси ташкил этилди.



Ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар намойиш этилди. Жумладан, меҳмонларга ахборот ресурс марказининг китоб фонди ва ундаги шароитлар, «Олтин қалам» шеърият тўгараги қатнашчилари ва ёш китобхонлар фаолияти билан таништирилди.

Ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда ўқувчиларнинг инновацион ғояларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни кўрсатиш учун очиқ ва намунали дарслар намойиш этилди.

Хотин-қизлар бандлигини ошириш ҳамда битирувчи қизлар бандлиги сифатли таъминлаш мақсадида сартарошлик ва тикувчилик касби ўқувчилари ўртасида касб маҳорати танлови ҳам ўтказилди.


Юбилейга ташриф буюрган меҳмонлар коллеж музейига ҳам таклиф этилди. Бу ерда ўқув даргоҳининг узоқ ва сермазмун тарихи яна бир бор йиғилганларга таништирилди.


Тадбир сўнгида ўтказилган танловлар ғолиблари ҳамда ўқишда, спортда жамоат ишларида фаол ва илғор бўлган талабалар ва уларнинг ота-оналарига китоблар, фахрий ёрлиқлар, коллеж номидан эсдалик совғалари топширилди.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
23:04 / 13.06.2026
Самарқандда Россияда ишлашни режалаштираётган фуқаролар учун тест маркази очилади
10:50 / 12.06.2026
Самарқанднинг олис туманларига инвестициялар жалб этилади
17:46 / 10.06.2026
Самарқанд туманлари қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва қайта ишлаш саноатига ихтисослашган ҳудуд сифатида ривожлантирилади
17:45 / 05.06.2026