10:51 / 08.06.2019
4044

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Тамаки 2030 йилга бориб дунё миқёсида 8 миллиондан зиёд киши ўлимига сабаб бўлиши мумкин

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатимизнинг барча ҳудудларида юқумли касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган оммавий тадбирларни мунтазам ташкил этиб келмоқда. Навбатдагиси 8 июнь, шанба куни «Танлов сиздан: тамаки ёки соғлом ўпкалар» шиори остида ўтказилди. Жойларда оилавий поликлиникалар томонидан маҳалла фуқаролик йиғинлари гузари, таълим муассасаси стадионларида ташкил этилган оммавий тадбирларда маҳаллий аҳоли вакиллари фаол иштирок этишди.

Жумладан, ушбу оммавий тадбирлар доирасида пойтахтимиздаги Ғофур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳамкор ташкилотлар ҳамда аҳли иштирокида 5 километрга фаол юриш ва гимнастика машқлари уюштирилди. Шу билан бирга, «Саломатлик майдончаси», «Биз тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз» тадбирлари ҳам бўлиб ўтди.

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, тамаки маҳсулоти ундан фойдаланувчи инсонларнинг ярмидан кўпининг ўлимига сабабчидир. Сигареталар дунё бўйлаб йилига қарийб 7 миллион одамнинг умрига зомин бўлмоқда. Уларнинг 6 миллиондан ортиғи истеъмолчилар ва собиқ тамаки истеъмолчилари бўлса, 890 мингдан зиёдига эса тамаки тутуни сабаб бўлаётгани ачинарлидир. Тамакига қарши кескин чоралар кўрилмаса, 2030 йилга келиб йиллик ўлимлар сони саккиз миллиондан ошиши мумкин.

Тамаки тутунида 4000дан ортиқ кимёвий моддалар мавжуд бўлиб, улардан камида 250та зарарли ва 50дан ортиғи канцерогенлардир. Одатий чекиш натижасида келиб чиққан пастки нафас йўлларининг инфекцияларидан дунёда йилига 5 ёшгача бўлган 165 минг нафар бола нобуд бўлмоқда. Катта ёшга етганлари эса иккиламчи тутуннинг таъсирини соғлигида ҳис қилиб туришади. Кичик ёшида нафас йўлида йиғилиб қолган инфекция катта ёшда ушбу аъзода касалликлар ривожланиши хавфини оширади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда катталар орасида чекиш кўрсаткичларига кўра, ҳозирги кунда 2,8 миллион нафар сигарет чекувчилардан 1,4 миллиондан зиёдида (50 фоизи) чекиш туфайли эрта ўлим хавфи мавжуд ва тамаки маҳсулотларига қарши фаолроқ чоралар кўрилмаса, бу рақам янада ортиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу йўналишдаги ишларни мунтазам равишда давом эттиради. Хусусан, июнь ойи давомида «Соғлом овқатланиш – соғлом ҳаёт демакдир», «Зарарли одатлар – умр кушандаси», «Жисмоний фаоллик – узоқ умр кўриш гарови» шиорлари остида ўтказилиши кўзда тутилган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Top