Ижтимоий тармоқларда хорижликлар ўзбек сўмни ёққани акс этган видео тарқалди. Уни «Кичик Се» номли аккаунт эгаси WeChat'даги саҳифасида жойлаштирган.

Kun.uz манбаси маълум қилишича, видеодагилар Сирдарё вилоятидаги корхонанинг хитойлик ишчилари ҳисобланади. Улар 2 минг сўм қийматдаги Ўзбекистон миллий валютасини оловга тутиб турган. Сўнгра унинг оловига сигарет тутатиб олишган ва кулишган.

Бу ҳаракат Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жиноий жавогарликка сабаб бўлиши мумкин. Жиноят кодексининг 215-моддасига кўра (давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш) Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг давлат байроғи, давлат герби ёхуд давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий валютасида давлат герби рамзи акс этган.