Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Facebook’даги саҳифасида талаб юқори бўлган пойтахт мактабларида янги ўқув йилидан болаларни 1-синфга қабул қилишнинг янги тизими жорий этилиши муносабати билан изоҳ берди. У рус тилли аудиториянинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда постини рус тилида ёзган.

Аввал маълум қилинганидек, Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори асосида 2019/2020 йилги ўқув йилида Тошкентдаги 81та мактабга қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Келгусида бундай тартиб бутун республика бўйича татбиқ этилиши режалаштирилган.

Бу тартибга кўра, мактабларга қабул квотаси асосий ва қўшимча квота турларига ажратилади — асосий квота ва пулли квота.

Қўшимча квота — умумтаълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги, микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (тегишли йилнинг 1 сентябрига қадар 6 ёшга тўладиган), шунингдек, умумтаълим муассасаларида таълим бериш тили бўйича бошланғич билим (мулоқот қилиш) кўникмасига эга бўлмаган болалар учун ажратилади. Қўшимча квота учун энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик тўлов пули тўланади, яъни ота-она фарзандини ўз микроҳудудидаги эмас, бошқа ерда жойлашган мактабда ўқишини истаса, ана шу миқдордаги пулни тўлайди. Қўшимча квоталарни олиш кузатув кенгашлари томонидан муҳокамага киритилади. Ҳар бир синфда болалар сони 35 нафардан ошмаслиги лозим.

Қуйида вазирнинг пости тўлиқлигича келтирилади.

«Келинг, шов-шув кўтариш ўрнига болани мактабга жойлаш билан боғлиқ вазият қандайлигини кўриб чиқамиз. Ҳар йили турли «муҳим ва таъсири катта» ташкилотларда ишлайдиган шахслардан фарзандларини Тошкент шаҳридаги «нуфузли мактаблар»га жойлаш тўғрисида «қаттиқ илтимос»лар бўлиб туради. Ана шундай мактаблардан бирининг директори айтишича, ўтган йили «қўнғироқчилар» (қизиқ, ўқитувчи ва мактаб директорлари орасида шундай термин ҳам бор!) сони 100дан ошиб кетган!