Ўзбекистон | 20:14 / 13.06.2019
5758
3 дақиқада ўқилади

Сув хўжалиги бўйича кадрларга бўлган энг юқори талаб Қашқадарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларига тўғри келмоқда

Бугунги кунда республикада сув хўжалиги бўйича кадрларга бўлган эҳтиёж ҳамон юқори ҳисобланади. Бу ҳақда бугун, 13 июнь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бўлиб ўтган сув хўжалиги тармоқлари соҳасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида айтилди.

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан  ташкил этилган тадбирда вазирлик мутасаддилари, Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор-ўқитувчилари, талабалар, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этди, деб хабар беради Kun.uz мухбири. 
 
Матбуот анжуманида сув хўжалиги тизимида амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги долзарб муаммолар, шунингдек, тизимни ривожлантиришда малакали кадрлар етиштириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

Хусусан, таъкидланишича, бугунги кунда республикада сув хўжалиги бўйича кадрларга бўлган эҳтиёж ҳамон юқори ҳисобланади. Жумладан, 2019-2021 йилларда ҳудудларда кадрларга бўлган йиллик эҳтиёж  4626 нафарни ташкил қилади. Бу борада энг юқори талаб Қашқадарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларига тўғри келмоқда.

Анжуманда сув хўжалиги ташкилотлари учун сифатли кадрлар тайёрлашда талабаларнинг беш йил муддатда ишлаб бериш мажбуриятини инобатга олиб талабалар контракт тўловини кадрлар буюртмачилари томонидан тўлаш тизими синовдан ўтказилаётгани ҳақида маълумот берилди. 

Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўқув ишлари бўйича проректори Баҳодир Мирзаевнинг сўзларига кўра, ҳозирга қадар буюртмачи ташкилотлар томонидан институт тайёрлаб бераётган кадрлар учун иккинчи босқичда 50, учинчи босқичда 75 ва тўртинчи босқичда 100% контракт тўловини тўлаб бериш орқали ўн тўққиз нафар талаба ўқишини давом эттирмоқда. 
У шунингдек, икки томонлама магистрлик дипломи лойиҳаси доирасида институт ва бир нечта чет эл олийгоҳлари ўртасида тузилган шартномалар тўғрисида  маълумот берди. 

«Мазкур лойиҳа доирасида Голландиянинг Вагенинген университети атроф-муҳит муҳофазаси магистри мутахассислиги бўйича 40 нафар талабаларимиз ўқишларда иштирок этиб, улардан 22 нафари икки томонлама дипломга эга бўлди», деди у.

Kun.uz мухбирининг лойиҳа натижасига кўра, 40 нафар талабадан қарийб 50 фоизи Вагенинген университети имтиҳонларидан ўтолмаганини қандай изоҳлаши тўғрисидаги саволга Мирзаев «магистратурада ўқиш натижалари фақат билим билан баҳоланмаслиги, унда кредит тизими амал қилиб, ушбу тизим шартларига кўра, талабалар томонидан йил давомида турли йўналишларда балл йиғиб борилиши кераклиги, институтнинг айрим талабалари мазкур тизимнинг қайсидир бандлари бўйича етарли балл йиға олишмаганини» билдирди.

Аввалроқ ҳукумат қарори билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиали ташкил этилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид