Ўзбекистон | 22:00 / 14.06.2019
43398
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: Абдусаматов томонидан айбланган ДХХ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилмаган

Бугун, 14 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мутасаддилари иштирокида «2019 йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида прокуратура органлари фаолияти» мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда Kun.uz мухбири томонидан Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов иши бўйича савол берилди: «Собиқ ҳокимнинг айблови бўйича ДХХ ходимларига жиноят иши очилганми?».

«Абдусаматов иши юзасидан суд ўз ҳукми билан муносабатини берди. Уюштирилгани ҳақидаги гапни иккинчи томонларнинг важи сифатида қабул қилиш мумкин. Бунинг фактини ҳали исботлаш керак.

Абдусаматовга нисбатан 210-моддаси («пора олиш») жинояти аломатлари исботини топмай, айбловдан чиқарилди. Суд томонидан баҳо берилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси бўйича ҳукмнинг ўзи «уюштирилган» деган гапни истисно этади.

Хусусий ажрим масаласига келсак, ўша пулларни қайтариш суднинг ваколатига киради. Буни прокуратура назорат қилмайди. Ҳужжат қайси ташкилот томонидан берилса, ўша орган назорат қилади. Яъни, бунинг ахборотини суддан сўраш тўғрироқ бўлади. Жиноят ишида квалификация ўзгарди. Суд томонидан пора олиш айби чиқариб ташлангандан сўнг, пора предмети сифатида айтилаётган 400 минг АҚШ доллари оила аъзоларига топширилди», дея прокуратура ходимларининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

1 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Юнусобод туманининг собиқ ҳокими в.б. Бахтиёр Абдусаматов иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтганди.

Дастлаб Бахтиёр Абдусаматов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддасида (пора олиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган эди. Бироқ Тошкент прокурори ёрдамчиси Сардор Аҳмедов пора олиш тўғрисидаги айбловни бекор қилиш тўғрисида даъво киритган ва ундан бу модда олиб ташланганди.

Бахтиёр Абдусаматов ўзининг қўлга олиниши ДХХнинг собиқ раҳбарлари томонидан уюштирилганини тахмин қилганди.

«Бир нарсани айтишни хоҳлайман. Жиноят иши қўзғатилишидан бошлаб саккиз ой давом этган турли ҳаракатлар, айниқса тергов ҳаракатларигача, — буларнинг барчаси «коррупцион сенсация» учун қасддан Давлат хавфсизлик хизматининг айрим собиқ раҳбарлари томонидан амалга оширилди. Бу менинг тахминим», — деганди у.

Унинг сўзларига кўра, оммавий ахборот воситаларида ҳокимнинг пора олаётганда қўлга олингани тўғрисидаги хабарлар ушбу тахминнинг асосий далилидир.

«Кимдир ёлғондан шон-шуҳратга эга бўлишни хоҳлади ва бу ишни… Давлат хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов, бошқармаларнинг собиқ раҳбарлари амалга оширди», — деганди Бахтиёр Абдусаматов.

Мавзуга оид