Жамият | 20:08 / 17.06.2019
6240
2 дақиқада ўқилади

Фарғона ИИБда ходимлар учун махсус ўқув-амалий курслари ташкил этилди

Фарғона вилояти ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи ходимларини ўқитиш бўйича ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари ташкил этилди.

Мазкур ўқув курсларининг дастлабки босқичида вилоят ички ишлар органларининг 80 нафар ходими таҳсил олди. Уларга маънавий-маърифий, махсус-тактик, саф, ўқ отиш тайёргарлиги, оммавий қирғин қуроллардан ҳимояланиш, ҳарбий топография, разведка иши, муҳандислик, ҳарбий тиббий тайёргарлик, ҳуқуқий маданият, мулоқот психологияси ҳамда замонавий алоқа воситаларидан фойдаланиш фанларини ўз ичига олган жами 94 соатлик ўқув машғулотлари олиб борилди.

Дарс машғулотларини ҳарбий соҳанинг малакали мутахассислари, салоҳиятли педагог ва ҳуқуқшунослар ўтказишди. Машғулотга жалб қилинган ходимлар эса икки ҳафта давомида ўзларининг маънавий-маърифий, ҳуқуқий ва ҳарбий саводхонлигини ошириб, жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражаларини юксалтирдилар.

Шунингдек, ўқув курслари тингловчилари олган назарий билимларини амалиётда қўллаб, мудофаа вазирлиги ва миллий гвардия ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Фарғона ва Марғилон шаҳарлари ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам салмоқли ҳисса қўшдилар.

Ўқув курсининг дастлабки 80 нафар тингловчиларига сертификатлар топшириш маросими ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам  Хатамов, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Лутфулло Бузруков, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳматжон Маматов, шунингдек, Фарғона вилоят ҳокимлиги, вилоятдаги бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сертификатлар топшириш жараёнида ўқув машғулотларида намунали иштирок этган ҳодимларга фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар, барча иштирокчиларга эса нодир китоблар туҳфа қилинди.

Мавзуга оид