Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Азизбек Икромов вазирликка кўтарилди
Муқаддам учта вазирликда ўринбосар сифатида ишлаган Икромов сўнгги йилларда Фарғона вилояти ИИБни бошқараётганди.
Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Қудратхўжаев бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан лавозимидан озод этилди.
Ўзбекистон президенти фармони билан Азизбек Исроилович Икромов фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланди.
Азизбек Икромов муқаддам учта вазирликда вазир ўринбосари бўлиб ишлаган, бу унинг фаолиятидаги тўртинчи вазирлик бўлмоқда: у 2017-2019 йилларда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, 2019-2021 йилларда ички ишлар вазирининг жамоат тартибини муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари, 2020-2021 йилларда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, 2019-2023 йилларда ички ишлар вазирининг маънавий масалалар бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.
2023 йил ёзида президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи вақтида ушбу вилоят ИИБ бошлиғи лавозимига ўтказилганди.
Генерал-майор Ботир Қудратхўжаев муқаддам прокуратура тизимида турли лавозимларда меҳнат қилган, 2017-2020 йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори лавозимида ишлаган. 2020 йилдан Хоразм вилоятига прокурор бўлган, 2022 йилда бош прокурор ўринбосари – ҳарбий прокурор лавозимига тайинланганди. У 2025 йил февралидан буён фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқариб келаётганди.