Ўзбекистон | 20:16 / 19.06.2019
7658
4 дақиқада ўқилади

Россияда ҳалок бўлган меҳнат мигрантларини олиб келиш харажатлари давлат бюджетидан қопланади

Ўзбекистон ҳукумати Россия Федерациясида бирор кор-ҳол туфайли ҳалок бўлган ватандошларнинг жасадини олиб келиш бўйича харажатларни қоплайди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шундай баёнот берди, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири. 

Фото: ЎзА

Хорижий ОАВ вакилларидан бири Россия Вақтинчалик сақлаш марказларидаги 1,5 минг ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини қайтариш бўйича лойиҳа ижроси қайси босқичда эканига қизиқди. Бу борада бирор янги келишувлар мавжудми, дея сўради журналист. 

«Сиз биз учун жуда ҳам муҳим масалани кўтардингиз. Мен бу масалага тўлиқ ойдинлик киритишга ҳаракат қилиб кўраман, чунки Россия йўналиши биз учун асосийдир. Агар, қарийб 2,5 млн ватандошимиз вақтинчалик меҳнат миграцияси билан хорижий давлатларда бўлса, шундан 2 млн атрофидаги фуқароларимиз Россияда. Бунинг биринчи сабаби, бизлар рус тилини тушунишимиз бўлса, иккинчиси визасиз тартибнинг мавжудлигидир. Пул ўтказмалари борасида гапирадиган бўлсак, 2018 йил ҳолатига кўра, Россиядан бир йилда 4 млрд АҚШ доллари миқдорида маблағ меҳнат  муҳожирларимиз томонидан юборилган.

Энди Россия ИИВ Вақтинчалик сақлаш марказларида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисида. Биз шундай марказларда сақланаётган 950га яқин ватандошларимизни қайтардик. Ҳақиқатдан ҳам биз сўнгги 1,5 ой давомида бу мавзуни ёритмадик. Бизнинг камчилигимиз шунда. Аммо, бу дастур тўхтагани йўқ, аксинча давом этмоқда ва фаоллаштирамиз. Биз ҳукумат ва вазирлар даражасида бир неча бор учрашдик. Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг ҳар қандай ҳудудидаги вақтинчалик сақлаш марказларидаги ўзбекистонликларни қайтариш харажатларини молиялаштиришга тайёр. 

Шу билан бирга, шахс Ўзбекистон фуқароси эканини айтиши мумкин, бироқ унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса, унинг шахсини аниқлаб, сертификат бериш орқали қайтаришга маълум бир вақт кетади», - деди Шерзод Қудбиев. Унинг билдиришича, бу амалиёт бир неча идораларнинг ҳамкорлиги натижасида амалга ошириладиган ишдир. Вазирга кўра, Ўзбекистон томони нафақат ўз фуқаросига тасдиқловчи сертификатни бепул бермоқда, балки уларни қайтариб олиб келиш харажатларини ҳам тўламоқда. Шу билан бирга, Россия ҳудудий жиҳатдан улкан давлатлиги инобатга олинса, мамлакатнинг турли бурчакларида бўлган вақтинчалик сақлаш марказларидаги ўзбекистонликларни қайтаришда логистика мураккабликлари ҳам пайдо бўлмоқда. 

БваММ вазири, шунингдек, ўзбекистонликларнинг «200» рақамли юкини олиб келиш учун тўловларни амалга ошириш жараёнини сезиларли равишда енгиллаштириш бўйича ваколатхонага топшириқ берганини таъкидлади. 

«Агар биз илгари патент нусхаси, солиқларни тўлаганлик нусхаси каби ҳужжатларни талаб қилмаяпмиз. Яқинда йиғилиш ҳам ўтказдик ва унинг натижасида Ўзбекистон ҳукумати «200» рақамли юкни олиб келиш харажатларини ҳам ўз зиммасига олади. Фақатгина, узоқ ҳудудларда шундай нохушликлар рўй бергудек бўлса, бундай юкни олиб келиш ҳам бироз узоқ муддатни олади», - деди Қудбиев. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид