Жамият | 20:04 / 19.06.2019
34364
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида пранк қилган уч ўсмир 7 суткага қамалди (видео)

25 май куни Тошкент метросида уч нафар лицей битирувчиси пиротехника буюмлари билан майда безорилик содир қилган. Улар «пранк» видео тайёрлаб, интернетга жойлаш орқали пул ишлаш ва аъзолари сонини кўпайтириш  мақсадида, метро поезди «Бодомзор» бекатига келиб тўхтаганида питардалар солинган сумкага ўт қўйиб, ҳолатни телефонда видеога олишган.

Шундан сўнг безорилар сумкани ташлаб қочишган, вагондаги олов тезда бартараф этилган.

Kun.uz манбасига кўра, Юнусобод тумани маъмурий судининг 4 июндаги қарорига мувофиқ, айбланувчилар муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмагани, қилмишларидан чин пушаймонлиги ва ёш эканлиги инобатга олиниб, уларга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

Маълум бўлишича, бу ўсмирлар Шайхонтоҳур туманидаги 5-сонли аниқ фанларга ихтисослаштирилган академик лицей талабаларидир. Улар «iPhone 5» телефонида олинган видеони интернетга тарқатиб улгуришган.

Бир ҳафталик қамоқ жазосидан ташқари бу йигитлар, шунингдек, энг кам иш ҳақининг 5,5 баравари миқдорида жаримага ҳам тортилган.

Мавзуга оид