Жамият | 21:57 / 21.06.2019
8300
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёлик ва навоийлик мактаб битирувчиларига олтин медаллар топширилди

Қарши шаҳридаги «Ватанпарварлар» боғида Қашқадарё вилоятидаги умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медаллар билан битирган бир гуруҳ ўқувчилар тантанали тақдирланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га хабар бермоқда.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар тарафлама баркамол, чуқур билимга эга ёш авлодни тарбиялаб, камолга етказишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Жорий ўқув йилида вилоятдаги 1117 умумтаълим мактабларининг 11-синфини 32 минг 501 нафар йигит-қиз муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Жўраев. — Уларнинг 206 нафари олтин ва 283 нафари кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, вилоят умумтаълим мактабларини битирган 883 нафар ўқувчиларга аъло даражали касб малака дипломи топширилди.

Навоий вилоятида эса 358 та умумтаълим мактабини жорий йилда 10 минг 138 нафар ўқувчи битириб, етуклик аттестатини қўлга олишди. Улардан 58 нафари олтин, 79 нафари эса кумуш медали билан тақдирланди. Навоийда мактабни юксак натижа билан тугатган битирувчилар ва вилоят ҳокими учрашуви 25 июнь кунига мўлжалланган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид