Жамият | 19:39 / 22.06.2019
13468
6 дақиқада ўқилади

Аёл 25 миллион сўмлик алиментини ололмаяпти, отада эса бундай имкониятнинг ўзи йўқ. Муаммо қандай ҳал этилади?

Фото: Fotolia

Бир фарзандни ўстириб, камолга етказиш машаққатли, шарафли ва шу билан бирга масъулиятли иш ҳамдир. Бу йўлда ота-она бир тан-у бир жон бўлиб, ҳаракат қилиши, фарзандининг моддий ва маънавий эҳтиёжини қондирмоқликлари лозим. Аммо оиладаги ота-онанинг иноқсизлиги ва бунинг оқибатида  юзага келаётган ажримлар бола ҳаётига ўз таъсирини ўтказади, албатта. Шу боис давлат қонунчилик йўли билан она ва бола ҳуқуқларини кафолатлаб қўйган.

Қашқадарё вилоятининг Касби туманида истиқомат қилаётган Ирода Ашурова ҳам турмушидан ажралган. Доимий ишга эга эмас. Аёл 2014 йилдан буён уч фарзандни ёлғиз ўзи боқиб, уларнинг иссиқ-совуғига масъул бўлиб, ёлғиз аёл боши билан барча оилавий ишларга бош-қош бўлиб келмоқда. Унинг сўзларига қулоқ тутамиз...

- Мавсумий ишлар билан шуғулланиб, рўзғоримни ўтказиб келяпман. Уч нафар фарзандим бор. Уларнинг каттаси 15, ўртанча ўғлим 12, кичкина қизим 7 га киради. Болаларимнинг ейиши, ичиши, кийими, барча моддий таъминот ўз бўйнимда. 2014 йилдан буён собиқ турмуш ўртоғимдан алимент ололмайман. Қарзи 25 миллион сўмдан ошиб кетган. Фарзандларим эса кун сайин улғайиб бормоқда, турли тўгаракларга борадиган тенгдошларига ҳавас қилишади. Аммо буларнинг бари моддий таъминотга бориб тақалади.

Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, Ирода Ашурованинг турмуш ўртоғи Суннатулла Мадатов собиқ рафиқасига 2014 йилнинг 20 май кунидан бошлаб, ҳар ой 589 183 сўм алимент тўлаб келиши зарур эди. Буни 2017 йилнинг 5 январь куни Мажбурий ижро бюроси Миришкор тумани бўлими томонидан тақдим этилган ҳужжатда ҳам кўриш мумкин. Аммо пуллар ўз вақтида берилмагани учун, қарздорлик миқдори бугунги кунга келиб 25 727 686 сўмни ташкил этмоқда. Қарздорнинг ундирувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулкларини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровнома хатлари юборилган. Ташкилотлардан олинган маълумотларга кўра, қарздор Суннатулла Мадатовнинг номида бирор-бир мол-мулк йўқ.

Хўш, шу билан ишлар якунми?..

Шиддат билан орадан йиллар ўтиб боряпти, МИБ томонидан қарздорликни ундиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар эса бесамар кетмоқда. Қарз ундирилмайди. Сабаб ўша-ўша – қарздорнинг ҳисобида мол-мулк йўқ. Қарздор ўз қарзини тўлолмасдан юргани учун унга нисбатан суд томонидан 2019 йилнинг 23 январида 10 кунлик қамоқ жазоси тайинланади.

Орада бир муддат Ирода Ашурова собиқ турмуш ўртоғи билан ярашиб, бирга яшашни бошлашади. Аёл суд ижрочилари бўлимидан суд буйруқларини қайтариб олади. 2017 йилнинг 27 февраль куни суд томонидан ижрочиларга алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғи ижро қилиш учун қайта юборилади.

- Инсофга келиб қолар, шу фарзандларим учун яшай, оиламни бузилиб кетишига йўл қўймай, дегандим. Аммо ҳеч нарса ўзгармади. Собиқ турмуш ўртоғим менга ва фарзандларимга қўл кўтарадиган бўлди. Уйдан ҳайдаб юборди. Болаларимнинг зарур бўлган кийим-кечакларини олгани борганимда, ҳатто, уларни бермади ҳам...

Ҳозирги кунда ҳам муаммонинг ечими очиқ қолмоқда. Суннатулла Мадатов номида мол-мулк йўқ, шу сабаб ижро органи ходимлари ожиз. Ирода Ашурова ўзи ва фарзандлари келажагидан хавотирда. Ўртадаги маблағ эса, ой сайин юқорилаб боряпти. Энг аянчлиси эса фарзандлар кўзидаги умид учқунлари йўқолган. Ўртадаги сарсончиликлар, оиладаги нотинч вазият сабабиданми, тез хавотирга тушадиган бўлиб қолишган.

Вазиятни кузата туриб, қатор саволларга жавоб излашга уринамиз. Хўш, суд алимент ундирилсин деб қарор чиқарди. МИБ нинг ижроси билан шуғулланиш мақсадида Суннатулла Мадатовга юзланди. Қарашсаки, унинг номида ҳеч вақо йўқ. Бўлдими? Иш шу билан тамомми?

Аслида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий қилмиш дея баҳоланиши лозим. Бунинг учун икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, шу қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилса икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ҳам мумкин.

Уч нафар фарзандини моддий таъминлашни хаёлига ҳам келтирмай қўйган бу инсонга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жазо чораларини қўллаш вақти келмадимикин... Зора жазо муқаррарлигини ҳис этган ота қарийб олти йилдан буён ташлаб қўйилган оиласи ҳолидан хабар олса...

Биз масалани биргина касбилик И.Ашурованинг мисолида ёритдик. Ваҳоланки таҳририятга келиб тушаётган мурожаатлардан шу нарса маълум бўлдики, С.Мадатовдек “оталар” республикада жуда кўпчиликни ташкил қилар экан.

Бу каби муаммоларга жойлардаги ваколатли давлат идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар бефарқ бўлмасдан, унинг ечимлари юзасидан жонбозлик кўрсатсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид