Жамият | 17:32
1370
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz суриштирувидан сўнг: Қашқадарёда эшак гўшти савдогари озодликдан маҳрум қилинди

44 ёшли эркак Қарши туманидаги хонадонида эшак сўйиб, гўштини турли бозорларда сотиб келган. У шундай қилмиши учун 3 ойда икки бор судланган. Биринчи инстанция суди озодликни чеклаш билан боғлиқ жазо тайинлаб, уни очиқда қолдирганди. Прокуратура суд ҳукми устидан протест киритди. Кассация суди эркакка 4,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Қашқадарёда хонадонида эшак сўйиб, гўштини турли бозорларда сотиб келган эркак қилмиши кассация судида кўриб чиқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

44 ёшли И.Х. эшак сўйиб сотгани учун уч ойда икки марта судланган. 2025 йил 22 октябр куни тезкор тадбирда унинг яшаш хонадонидан истеъмолга яроқсиз бўлган 61 кг гўшт, 112 та эшак териси ва 15 та эшак қовурғалари топилган. Ушбу ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Касби туман судида кўриб чиқилиб, И.Х.га 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

2025 йил 28 декабрда ички ишлар ходимлари И.Х.нинг хонадонида яна тезкор тадбир ўтказган. Бу сафар истеъмолга яроқсиз 247 кг гўшт, эшак суяклари ва 99 та тери топилган. Қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Қарши туман судида кўриб чиқилган. Суднинг 2026 йил 13 майдаги ҳукми билан И.Х.га бу сафар ҳам озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Kun.uz’нинг ушбу ҳолатга оид суриштирувидан сўнг Қашқадарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари суд ҳукми устидан протест киритди. Протестда И.Х.га нисбатан енгил жазо тайинлангани келтирилиб, суд ҳукмини бекор қилган ҳолда унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш сўралган.

Қашқадарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2026 йил 15 июндаги ҳукми билан дастлабки суд ҳукми бекор қилинди ва янги айблов ҳукми чиқарилди.

И.Х. Жиноят кодексининг 186-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилди. Унга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. ЖИБ Касби туман суди ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли орқали озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати 4,5 йилга келтирилган. 

Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланган. И.Х. дарҳол суд залидан қамоққа олинган. 

Kun.uz аввалроқ И.Х.га оид жиноят ишини ёритиб, унга тайинланган жазо баҳсли эканига эътибор қаратганди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид