Жамият | 19:33 / 22.06.2019
4990
5 дақиқада ўқилади

Германия парламенти (Бундестаг) делегациясининг ТИҚХММИга ташрифи

Германиянинг турли партиялари вакилларидан иборат бўлган Бундестаг депутатларидан ташкил топган нуфузли расмий делегация Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислик институтида бўлишди.

ТИҚХММИда ўтказилган расмий учрашувда Германия томонидан, Бундестагнинг халқаро иқтисодий ҳамкорлик қўмитаси аъзолари ҳисобланган депутатлари Фолькмар Кляйн (Volkmar Klein-делегация раҳбари), Габриель Вебер (Gabriele Weber), Маркус Фроммайер (Markus Frohnmaier), Оттмар фон Хольц (Ottmar von Holtz), Тиль Мансман (Till Mansman), Анетта Ферхейн (Anette Verheyen - Бундестаг секретериати референти), Германиянинг Ўзбекистондаги элчисининг ўринбосари Кристофер Фукс (Christopher Fuchs)  ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги лойиҳалари раҳбари Королина Милов (Corolina Milov) иштирок этдилар.

Расмий учрашувда ТИҚХММИ томонидан институт раҳбарияти билан бирга Германиялик ҳамкорлар билан ҳамкорлик фаолиятида иштирок этаётган профессор ўқитувчи ва талабалар иштирок этдилар.

Мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли яратилаётган янги имкониятлар ва истиқболли ҳамкорлик йўналишлари ҳамда сўнгги даврда олиб борилаётган ва юқори самара бераётган қарорлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Шунингдек, институтнинг халқаро ҳамкорлик бўйича фаолияти ҳақида мезбонларни таништиргандан сўнг институтнинг  илмий фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб беришди.

Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор А.Т. Салоҳиддинов томонидан ТИҚХММИ ва Германиялик ҳамкорлар, жумладан университетлар, илмий тадқиқот ва бизнес соҳаси ташкилотлари хамкорлигида турли йўналишларда олий таълим, илмий тадқиқот ва ривожланиш лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ўзаро манфаатли фаолиятлар ва уларнинг натижалари тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги лойиҳалари раҳбари Королина Милов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда Германия иштирокида амалга оширилаётган турли лойиҳалар ҳамда ушбу ўзаро манфаатли ҳамкорликда ТИҚХММИ билан биргаликда эришилаётган ва янги режалаштирилаётган ўзаро манфаатли тадбирлар натижалари тўғрисида алоҳида тўхталди.

Ўз навбатида мазкур ташрифнинг Германия учун хам муҳим аҳамиятини таъкидлаган Бундестаг қўмитаси раиси Фолькмар Клайн раҳбарлигидаги делегация аъзолари давра суҳбати давомида ҳамкорликда олиб борилаётган фаолиятларга катта қизиқиш билдириб, кўплаб саволлар ва фикрлар билан иштирок этдилар ҳамда олиб борилаётган ўзаро манфаатли ҳамкорлик натижаларидан нафақат қониқиш ҳосил қилганлари, балки бундай истиқболлари ҳамкорликларни янада ривожлантиришни қўллаб қувватлаш истакларини билдирдилар. Делегация раҳбари Фолькмар Кляйн Германияда, шу жумладан Бундестагда сўнгги даврда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни юқори баҳоланишини ва қўллаб-қувватланишини билдирди.

Учрашув давомида Германия Бундестагидан ташриф буюрган нуфузли делегация аъзолари ТИҚХММИ ва Германиянинг турли ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари билан танишдилар. Жумладан Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган, Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги, Бирлашган миллатлар ташкилотининг тараққиёт дастури, Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда ТИҚХММИ ҳамкорлигида бажарилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” халқаро лойиҳасининг биринчи компоненти доирасида ТИҚХММИда Германиядан келтирилган замонавий жиҳоз ва воситалар асосида яратилган янги “Сув ресурсларини бошқариш жараёнларини автоматлаштириш” ўқув-илмий лабораторияси ва ундан амалда фойдаланиш жараёни билан танишдилар. Институт профессор ўқитувчилари ва талабалари иштирокида мазкур лабораториянинг иш шароитида ўтказилган танишув, айниқса янги лабораториянинг олий таълимдаги имкониятлари ҳамда институтда ундан фойдаланиш даражаси меҳмонларда юқори таассурот қолдирди. Делегация аъзолари бундай лойиҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналиши бўлмоғи керак деган тавсияни бердилар. 

Ташриф якунида қизғин ўтган учрашув ва танишувларни ташкил этган институт раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдирган Германия Бундестаги делегацияси аъзолари бундай самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, лойиҳалар сонини оширишни тавсия этдилар. Улар ўз навбатида Германия вакилларини ҳам бундай ҳамкорликка янада кўпроқ жалб этилишига умид билдирдилар. Икки томон вакиллари учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари ва истиқболлари бўйича келишиб олдилар. Делегация раҳбари Фолькмар Кляйн ТМҚХММИнинг фахрий меҳмонлар китобида ўз фикр ва истакларини ёзиб қолдирди.

Мавзуга оид