Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бундестаг Германияда бошпана бериш қоидаларини қатъийлаштирди
Германия Бундестаги 27 феврал, жума куни бошпана бериш қоидаларини қатъийлаштириш ва бошпана сўровчиларнинг меҳнат бозорига киришини либераллаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.
Ҳужжатни ҳукуматдаги кучлар — ХДИ/ХСИ христиан партиялари блоки ва Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) депутатлари қўллаб-қувватлади, унга қарши эса ўта ўнг “Германия учун муқобил”, шунингдек “Иттифоқ-90/Яшиллар” ва Сўл партия аъзолари овоз берди. Натижада Германияда ҳукмрон “катта коалиция” 2024 йилда ЕИ даражасида қабул қилинган ислоҳотни миллий қонунчиликка кўчирди.
Ислоҳотнинг асосий элементлари — келувчиларнинг шахсини мажбурий текшириш, шунингдек қочқин мақомини олиш эҳтимоли паст бўлган мамлакатлардан келганларнинг бошпана сўровларини ЕИнинг ташқи чегараларида кўриб чиқишдир. Европанинг марказида жойлашган Германия учун бу, асосан, халқаро аэропортлар ва денгиз портларига нисбатан татбиқ этилади. Рад этилган тақдирда, бошпана сўровчилари ўша жойнинг ўзидаёқ депортация қилиниши мумкин.
Европа Иттифоқининг бошқа бир давлатида бошпана сўраганлар учун тартиб-таомиллар қисқартирилиши керак. Айрим ҳолларда мигрантни у учун жавобгар бўлган давлатга қайтариш узоқроқ муддат ичида ҳам мумкин бўлади — масалан, одам вақтинча ҳокимиятдан яшириниб юрса. Мамлакатлар Германияни тарк этиши лозим бўлганлар (чунки улар учун ЕИнинг бошқа давлати жавобгар) учун мажбурий “иккиламчи миграция марказлари”ни ташкил этиши мумкин.
Қабул қилиш муассасаларида яшайдиган бошпана сўровчилар Германияда ишлашни уч ойдан кейин бошлаши мумкин бўлади. Ҳозирги кунда улар учун амалда олти ойлик ишга жойлашиш тақиқи мавжуд. Бундай муассасаларда яшамайдиганлар учун уч ойлик муддат амал қилади. Федерал меҳнат агентлиги айрим ҳолларда бирламчи қабул муассасаларида яшовчилар учун истисно қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
ГуМ қатъийлаштиришларни етарлича эмас деб танқид қилди. Депутат Максимилиан Кра: “Сиз бу ерда тақдим қилаётган нарса — бу масхарабозлик”, — деди. “Яшиллар”дан депутат Лукас Беннер эса, аксинча, қонунни “1993 йилдан бери бошпана ҳуқуқи бўйича энг катта қатъийлаштириш” деб атади ва коалицияни ўз имкониятларидан “ҳаддан ташқари қаттиққўллик билан” фойдаланганликда айблади. Хусусан, бошпана сўровчиларнинг ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш ҳақида у бу “нотўғри ва конституция нуқтаи назаридан жуда муаммоли” эканини билдирди.
Сўл партия фракциясидан Клара Бюнгер ислоҳот ички ишлар вазири Александр Добриндт ваъда қилган тартиб ўрнига “кўпроқ тартибсизлик, азоб-уқубат ва ҳуқуқсизлик” олиб келиши мумкинлигини айтди. Добриндт эса ўз навбатида, ислоҳотни муҳим олдинга қадам деб атаб, Европа миграция сиёсати йиллар давомида “ишламай келгани”ни таъкидлади.
ГСДП депутати Себастян Фидлер “ҳимоя унга муҳтож бўлган одамга берилади”, деб ваъда қилди. У сўллар ва “яшиллар”нинг болалар ҳам ҳибсга олиниши мумкинлиги ҳақидаги айбловларини рад этди ва гап ота-онаси ҳибсда бўлган болалар учун жуда кам учрайдиган истисно ҳолат ҳақида кетаётганини тушунтирди.
Германияда илк бор бошпана сўраб ариза топшираётганлар сони 2023 йил кузидан бери камайиб бормоқда. Агар 2024 йилда тахминан 230 мингта бирламчи ариза топширилган бўлса, ўтган йили улар сони тахминан 113 мингтагача қисқарган. Мутахассислар фикрича, ички чегаралардаги назорат билан бир қаторда, 2024 йил декабрида Сурияда ҳокимият алмашгани ҳам бу жараёнда ўз ролини ўйнаган.
Мавзуга оид
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:40 / 09.06.2026
Европанинг янги авлод жанговар самолёти лойиҳаси тўхтатилди
11:20 / 08.06.2026
Ўзбекистон фуқароларини Германия меҳнат бозорига жалб этиш кенгайтирилади
08:40 / 06.06.2026