Жаҳон | 09:44 / 04.12.2025
1698
3 дақиқада ўқилади

Бундестаг 2,5 млрд еврога қўшимча қурол-яроғ харидини маъқуллади

Бундесвер учун 250 мингта милтиқ, разведка тизимлари, дронлар, F-35 қирувчилари учун ракеталар ва бошқа қурол-яроғ сотиб олинади. 2025 йилда бундестаг 33 млрд евро қийматидаги 73 йирик мудофаа лойиҳасини маъқуллаган.

Фото: Fabrizio Bensch / Reuters

Бундестагнинг бюджет қўмитаси умумий қиймати 2,5 млрд еврoдан ортиқ бўлган қўшимча қурол-яроғ харидларини маъқуллади. Гап янги стандартдаги милтиқлар, разведка тизимлари, учувчисиз учиш аппаратлари ва ўқ-дориларни сотиб олиш бўйича ўн битта лойиҳа ҳақида кетаётгани ҳақида чоршанба куни, 3 декабрда, Германия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Вазирлик таъкидлашича, бу инвестициялар бундесвер сонини ошириш режалари ва НАТО доирасидаги мажбуриятлар асосида қуролли кучлар жанговар салоҳиятини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари билан боғлиқ.

Бу маблағларнинг қарийб 800 млн еврога яқини Heckler & Koch компаниясидан 250 мингтагача G95 милтиқни харид қилишга йўналтирилади — бу дастлабки режадан деярли икки баравар кўп. Бу бундесвер шахсий таркиби сони оширилгандан сўнг қуролли кучларни тўлиқ қуроллантириш имконини беради.

Бундан ташқари, тунги шароитда жанг олиб бориш имконини таъминловчи лазер модуллари сотиб олинади, шунингдек янги F-35 қирувчилари учун Joint Strike Missile (JSM) туридаги ракеталар хариди ҳажми оширилади. Бундесвер учун қўшимча равишда бир неча юзта Aladin разведка дронлари ҳам харид қилинади.

Яна бир мудофаа лойиҳаси — катта ҳудудларни кузатишнинг янги URANOS KI тизимини ишлаб чиқиш бўлиб, у сунъий интеллект (СИ) қўллаб-қувватловида ишлайди. Дастлаб ушбу тизим Литвада бундесвернинг янги бригадаси таркибида жойлаштирилиши режалаштирилган.

Қўшимча маблағлар, шунингдек, NH90 ҳарбий-денгиз вертолёти учун янги радар ишлаб чиқишга ва Eurofighter қирувчисини техник хизмат билан таъминлаш учун ихтисослаштирилган ускуналарга ажратилади, дейилади хабарда.

Маъқулланган бошқа лойиҳалар қаторида 1700 дан ортиқ ҳарбий йўлтанламас машиналар, оғир техника ташиш учун ярим тиркамалар ва Исроилнинг IAI компанияси ишлаб чиқарган Heron TP дронларини сотиб олиш ҳам бор.

Германия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, шу тариқа жорий йилда бундестаг тасдиқлаган йирик лойиҳалар умумий сони 73 тани ташкил этди, уларнинг жами қиймати эса 33 млрд евродан ошди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид