Жамият | 11:34 / 22.06.2019
11133
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танлови ўтказилди

Мазкур танлов мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг педагогик маҳорати ва ижодий қобилиятини ривожлантириш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, инновацион таълим технологияларини таълим-тарбия жараёнига жорий этишга қаратилган. Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ўртасида кўрик-танловнинг вилоят босқичида уч йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга 133 нафар тарбиячилар иштирок этган бўлса, улардан 33 нафари ғолиб бўлиб вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танловини ўтказишдан асосий мақсад юқори малакали тарбиячиларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг педагогик маҳорати ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, илғор тажрибаларини кенг оммалаштириш, педагогик фаолиятнинг нуфузини янада ошириш, касбий фаолиятда соғлом рақобат ҳамда ижодкорлик муҳитини яратишдан иборатдир. Танлов “Энг яхши методист тарбиячи”, “Энг яхши ижодкор тарбиячи” ҳамда “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи” номинациялари бўйича бўлиб ўтди.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этишни қўлга киритган 33 нафар иштирокчилар ўзларининг бор билим, кўникма, малака ҳамда маҳоратларини намойиш этишди.

Ҳар бир иштирокчи кўрик-танловнинг вилоят босқичига пухта тайёргарлик кўрганлиги уларнинг яратган ижодий ишлари ҳамда чиқишларида яққол намоён бўлди. Якуний натижаларига кўра турли номинациялар бўйича 3 нафар  иштирокчи ғолибликни қўлга киритиб кўрик танловнинг республика босқичига иштирок этиш йўлланмасига эга бўлишди. Ғолибларга вилоят ҳокимлиги ҳамда мактабгача таълим бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари  топширилди.

Таъкидлаш жоизки, республика босқичи ғолиблари ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлса, Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг “Мактабгача таълим” йўналишига ўқишга киришда имтиёзга эга бўлади.

Гулчеҳра Шарипова

Мавзуга оид